АсосийJamiyat

Гулистон туманида 69 ёшли, Зангиота туманида 55 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди

'Гулистон туманида 69 ёшли, Зангиота туманида 55 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди'ning rasmi

Соғлиқни сақлаш вазирлиги короновирусга чалиниб, вафот этган яна икки нафар ҳамюртларимиз ҳақида маълум қилди. 

Уларнинг бири Сирдарё вилояти Гулистон туманида яшаган 69 ёшли Т. С. (эркак). Унда 11 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморга миокард инфаркти, COVID-19 инфекцияси, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Бундан аввал 29 июнь куни бемор миокард инфаркти ташхиси билан Гулистон тумани марказий шифохонасида даволанган. Шунингдек, беморда гипертония касаллигининг ва семизликнинг 3-даражалари борлиги аниқланган.

Ушбу ҳамроҳ касалликлар фонида ташхис қўйилган касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашган бемор, реанимацион чораларга қарамасдан, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи бемор эса Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшаган 55 ёшли У. А. (эркак). У 16 июль куни Зангиота туманидаги “Назарбек” юқумли касалликлар шифохонасига ўта оғир аҳволда олиб келинган.

Беморда COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмониянинг ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги асоратлари кузатилган.

17 июль куни ҳамроҳ касалликлар фонида касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашган.  Ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигининг 4-даражаси ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар расман 83 нафарга етган. 

    Бошқа янгиликлар