Олма-ота бозорларида аҳоли коронавирусдан профилактика воситалари сифатида қўй ёғи, занжабил ва ерқалампирни оммавий равишда сотиб олишмоқда. Бу ҳақда Sputnik Қозоғистон маълум қилди. Нашр мухбири бозорлардан бирига келиб, нарх-наволарни ўрганди.
Сотувчиларнинг сўзларига кўра, Олмаота аҳолиси кўп миқдорда думба сотиб олишни бошлаган. Илгари қўй ёғи кунига атиги 2-3 кг сотиб олинган бўлса, энди бу кўрсаткич сезиларли даражада ошди. Кўпчилик бу маҳсулот коронавирус ва пневмонияни олдини олиш учун самарали восита бўлиши мумкинлигига ишонмоқда.
“Кеча 9 кило думба олиб келишди. Бугун тушликкача ҳаммасини сотиб юбордик. Талаб бор – одамлар келиб, қўй ёғини сўрашмоқда. Ҳатто гўштни олишмаяпти. Айримлар бу вирусдан ёрдам берадими, деб ҳам сўрашмоқда”, - деган гўшт сотувчиси.
Кўпчилик олма-оталиклар думба шамоллашни даволаш, ўпкани тозалаш ва иситмани пасайтишга ёрдам беришига ишонишади.
Бундан ташқари, занжабил ва ерқалампир (хрен) инфекцияга қарши курашда яхши восита деб ҳисобламоқда. Шифокорлар бир неча бор аҳоли орасида ўз-ўзини даволаш билан шуғулланмасликни тарғибот қилган бўлсада, аҳоли халқ маслаҳатларига ишониб, бозорда табиий "дори-дармон"ларни изламоқда.
"Бозорларда занжабил ва ерқалампирга талаб сезиларли даражада ошди. Ўтган жума кунидан бошлаб олмаоталиклар бу маҳсулотларни оммавий равишда сотиб олишни бошлади", дейилади хабарда.
Сотувчилар ерқалампир нархини илгари бир боғламини 50 тангага сотган бўлса, энди 300 тангага оширишган.
Занжабил ҳам қозоғистонликларнинг озиқ-овқат рўйхатида яна пайдо бўлган. Қозоғистонда бу тенденция иккинчи марта кузатилмоқда. Биринчи карантин пайтида мамлакат аҳолиси ушбу маҳсулотни катта миқдорда сотиб олишди, натижада унинг нархи бир неча бор ошди.
Энди занжабил бозорда 2000 тангага сотилмоқда. Бир неча ҳафта олдин унинг нархи минг тангадан ошмаганди.






