Дунёнинг энг ҳашаматли виллаларидан қишлоқ чорпоясига кўчган ҳаёт. Ёҳуд машҳур Гули хоним Шайх нега Бухородан уй олишга қарор қилди?
Гули хоним Шайх. Бугун бу исм остидаги юртдошимизни танимаган, у ҳақида эшитмаган ўзбекист...
Гули хоним Шайх. Бугун бу исм остидаги юртдошимизни танимаган, у ҳақида эшитмаган ўзбекистонлик бўлмаса керак.
Гули хоним Шайх 1985 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Болалиги навқирон Самарқандда ўтган. 2006 йилда Буюк Британияга кетиб, молия, иқтисодиёт, менежмент, тадбиркорлик каби бир нечта мутахассисликлар бўйича ўқиб тамомлаган.
2017 йилда Буюк Британияда ўзбек ҳунармандчилигини дунё мамлакатларига тарғиб этиш билан шуғулланувчи Silk Route Global компаниясига асос солган. Хозирда ушбу компания фаолияти жуда катта масштабда фаолият юритади.
Шунингдек, Гули хоним Шайх Тошкентда хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган “London College Of English” ўқув маркази фаолятини ҳам йўлга қўйган.
Орзулари дунё сари чорлаган ўзбек қизи ўзининг афсонавий бахтини ҳам Буюк Британияда топган. 2018 йилда Лорд Муҳамед Шайхга турмушга чиққан. Ҳозирда дунёнинг энг ривожланган ўлкасида ўзбек ҳунармандчилигини намойиш қилиш билан шуғулланади. Бу соҳанинг етук тадбиркори. Шу билан бирга ўз ватани Ўзбекистонда ҳам кўплаб тадбиркорлик, таълим ва ижтимоий лойиҳаларни йўлга қўйган.
Англиядан узатилган мурувват қўллари
Жорий йилда юртимиз ва халқимиз бошига тушган оғир синовли кунларда ўзга давлатда яшашига қарамай биринчилар қаторида ватандошларига мурувват ва ёрдам қўлини чўзган бу ўзбек қизининг қатор хайрия амаллари ҳақида интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кун ора эшитиб боряпмиз. Гули хоним Шайх 27 апрель куни Бухорода бўлган табиий офатдан талофот кўрган ва шароити оғир юзлаб хонадонларга беминнат хайриялар тарқатди. Жорий йилда дард устига чипқон деганларидек, пандемия шароитида юз берган Сардоба фалокати халқимизни яна бир бор синовдан ўтказди. Ушбу вазиятда ҳам ватанпарвар ўзбек қизи яна юзлаб уй-жойсиз қолган сирдарёликларга кўмак беришга шошилди. Ёрдамга муҳтож сардобаликларга озиқ-овқат ва кийим-кечаклар тарқатилди, шунингдек хайрия маблағлари ўтказиб берилди. Гули хоним Шайх фақат талофат кўрган ҳудудлар билан чекланиб қолмай, ўзи туғилиб ўсган Самарқанд шаҳридаги қатор маҳаллаларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берди. Қолаверса, мамлакатимиз бўйича 200 нафар қийналган фуқаронинг банк пластик карточкаларига пул ўтказди. “Саҳоват ва кўмак” жамғармасига ҳам ўз кўмагини қўшди. Яқин кунларда эса Хоним Бухорода бир ой сафарда бўлди. Бу сафар аввалги хайрли аммалларнинг навбатдагиси бўлиб, аслида бир ёки икки кунлик лойиҳалар учун режалаштирилган эди. Бироқ, мана бир ойдирки, Гули хоним Шайх қадим Бухородан қайта олмади. Нега? Бугун Хонимга дунёларга тенг таасурот берган ва ўзига боғлаб қолган сафар ва саёҳат, унинг кўнглидан кечганлари билан ўртоқлашамиз.
“Дунёнинг энг буюк давлатлари ва энг мартабали давларида бир нарса етишмасди. Мен уни Бухорода топдим”
— Гули хоним Шайх, суҳбатимиз аввалида Бухорога хайрия мақсадида бир кунга борганингиз аммо, бир ой қолиб кетганингиз ҳақида айтдингиз. Дунёнинг энг буюк давлатларини кўрган Хонимни бу шаҳар қандай қилиб бир ой ушлаб қолди? Сизни нима ром этди?
— Бухорони энди кўрдим, десам хато бўлади. Мени онам аслида бухоролик. Бундан ташқари, аввал ҳам Лорд жаноблари билан бу диёрга келганмиз, иш юзасидан ва расмий ташриф билан, фақат бир кунга. Аммо аввал кўрган бўлсамда, мен Бухорони бугун кашф қилдим. Бугун бу ўлка мени батамом ўзига ром этди.
Хўш, нимаси билан дерсиз? Келинг, очиқроқ тушунтираман. Дастлаб, хайрия мақсадида 9 май куни Бухоро томон йўлга чиққандим. Ниятим бир кунга бориб режалаштирган хайрияларимни амалга ошириб қайтиш эди. Ишонсангиз, онам ва бошқа яқинларим, яна бироз қолишни маслаҳат беришганда, тўғриси, ўйлаб ҳам ўтирмай рад этганман. Ўйлагандимки, бу сафар ва саёҳат мен учун ҳар доимгидек навбатдагиси. Мен бунга қадар ҳам дунёнинг энг буюк шаҳар ва давлатларида, энг мартабали инсонлар учрашувларида бўлганман. Ва уларнинг ҳеч бири ҳеч қачон кўнглимни тўла маҳв этмаган. Яъни, менга доим нимадир етишмас эди. Ўша буюк давраларда менга нима етишмаганини эса Бухорога келгач, тушуниб етдим. Бу оддийгина меҳр экан. Ҳа, меҳр. Буни эса мен шу ердан топдим.
“Шамолда томи учиб кетиб хонавайрон бўлган одамлар юзларида кулгу билан кўрпача тўшаб, бир пиёла чой тутишга шошилишарди”
— Биласизми, бир неча йиллардан бери дунёнинг турли бурчакларида қанчадан қанча одамлар билан мулоқотда бўлдим, танишдим. Бироқ, негадир ўзимга, кўнглимга яқин одамни топишга доим қийналаман. Менга ота-она, жигарлар, Лорд жаноблари кўрсатаётган меҳр-муҳаббатнинг чеки йўқ, бироқ ҳаёт йўлларида чин дўст топиш жуда мушкул. Бухорога етиб келишим билан Жондор тумани ҳокимлигидан беш киши бизни кутиб олди. Уларнинг ичида эса бир аёл ҳам бор эди. У Жондор тумани ҳокими ўринбосари, туман Кенгаши депутати Латофат Беҳбудова экан. Ўша куни ўзимга нотаниш бўлган бу аёл билан режаларимга кўра, бутун шаҳарни айландим, у киши менга тинмай турли нарсалар ҳақида сўзлаб берар, эринмай тушунтирар ва астойидил гапирар эди. Латофат опа билан табиий офатдан жабрланган фуқаролар хонадонларига ташриф буюрдик. Мен ана шу аҳоли уйларига бориб, одамлар билан учрашиб ҳаётни қайта кашф этдим, гўё. Хонадонларга кириб борар эканмиз, уйи табиий офатдан зарар кўрган, томи йўқ, қанчасининг жони жабрланган кишилар қучоқ очиб, юзларида кулгу билан бирдан кўрпача солиб, ўтқизишга шошилишарди. Уларнинг уйи хонавайрон, аммо қалблари бутун, меҳр ва эзгуликка тўлалигини кўрдим.
Яна бир маҳаллага кириб борсак, тут қоқишаётган экан. 15 йил Буюк Британияда юриб тут емаган эканман. Латофат опа бир косачада тут узатиб, “Рўзангизни очганингизда ейсиз” деб илтифот қилдилар. Қишлоқнинг оддий одамлари билан тут қоқдик. Бунинг завқини эса мен тарифлаб бера олмайман. Ўшанда биринчи марта билдимки, дунёнинг сон-саноқсиз давлатларида менга меҳр етишмас экан. Ишонинг, бунақа меҳр-оқибатни мен дунё кезиб кўрмаганман.
Дунё кезган Хонимни Бухорога қайтишга мажбур қилган нима бўлди?
— Шу қисқа 2-3 кун ичида мен биринчи марта одамларга бўлган меҳр тушунчасини ўзимда ҳис қилдим. Шамолдан жабрланган олотликлар учун режалаштирилган хайрия ишларини амалга ошириб, Тошкентга қайтдим. Аммо... Яна ўша азим шаҳарга боргим келди, ўша ерда кўрган инсонларим, биринчи кун мени кутиб олган аёлнинг меҳрини қумсай бошладим. Айниқса, хайрия акцияларимнинг бирида Олот туманида истиқомат қилувчи бир онахоннинг 15 йилдан буён тўшакка михланиб қолганига гувоҳ бўлган эдим. Бухородан кетгач эса негадир, тинмай ана шу муштипар онахон кўз ўнгимдан кетмай қолди. Шундан сўнг, бу ҳақда Лорд жанобларига айтиб бердим. Улар мени тушундилар ва яна Бухорога боришимни маслаҳат бердилар. Бу гал Бухорога қанот қоқиб учдим, етиб келдиму, сувга тушган балиққа айландим. Шу кундан мен учун йилларга тенг энг бахтли ва мазмунли кунлар бошланди.
Борибоқ, ўша онахонни кўрдим ва уларга ногиронлик аравачаси хадя қилдим. Мен ана шундай бағри кенг, дунё молу давлатларига рўжу қўймаган, ўз ҳаёти ва дунёсига эга бўлган оддий одамлар ҳаётида яшашни бошладим. Бухорога мени шундай маҳкам боғлаган инсонларнинг энг аввалида эса, бу ерга келишимдаёқ мени кутиб олган Латофат опа бўлди. Латофат опа нафақат, бу ерларда бир ойга қолиб кетишимга сабабчилардан бири, балки, ҳаётимдаги энг қадрдон инсонларимга ҳам айланди. Бу вилоятга қилган сафаримдан ўзимга ҳақиқий жигар — опа топдим.
Дунёнинг энг ҳашаматли виллаларидан қишлоқ чорпоясига кўчган ҳаёт
— Гули хоним Шайх, биласиз, энг гўзал диёрлар ва афсонавий масканларни ҳам узоғи борса 10 кунда айланиб чиқиш мумкин. Сиз ҳаттоки, бундан аввал ҳам Бухорога келгансиз. Қадимий, машҳур жойларини кўргансиз. Хўш, дунёнинг энг ҳашаматли виллаларида бўлган Хоним ўзбекнинг содда ҳаёти ва камтарона маҳаллаларида қандай кун кечирди? Бу саргузаштнинг ўзига хослиги нимада эди?
— Менинг бир ойлик умрим ҳеч қандай шоҳона меҳмонхонада эмас, қишлоқда, оддий одамлар орасида ўтди. Бухорога кетаётган пайтимда Лорд жаноблари мендан “Меҳмонхонада турасанми?” деб сўрадилар. “Йўқ, мен қишлоқ ҳаётини кўришни хоҳлайман” деб ўзим шуни танладим. У epдаги одамлар билан юзма юз гаплашиб, улар билан бирга яшагим келди. Ҳақиқатда ўзбек қишлоқарида яшаётган одамларнинг кўзлари меҳр-муҳаббатга тўла экан. Бир муддатдан кейин Лорд жаноблари қўнғироқ қилиб, аҳволим ҳақида сўрадилар, мен бу пайтда шунчалар бахтли кунларни ҳис этиб яшаётган эдимки... Менинг қадрдон ҳамроҳим, ҳамдардим — Латофат опам билан ҳар кун янгидан янги саргузаштларни бошдан кечирдим. Бир куни Бухоронинг Эски шаҳарини зиёрат қилишга олиб бордилар. Бир кун от миниш учун бордим, яна бир куни эса мактабларда дарс бераётган инглиз тили ўқитувчилари билан суҳбатлар қурдик, тадбиркорларнинг фаолиятлари билан танишдик. Юзлари табассумга тўлган шинаванда одамлар билан ҳар куни чорпояларда ўтириб чой ичиб, овқатландик. Мени хайрон қолдиргани эса улар кечалари эшиклари очиқ ҳолатда хотиржам ухлайверишар экан. Бундай тўғрилик, оддийлик ва тинчлик бошқа давлатларда бўлмаса керак. Қайсики масканга ташриф буюрар эканман, ҳеч қайси давлатда кўрмаганим — юзи ва қалби иссиқ инсонлар меҳр-муҳаббатларига гувоҳ бўлдим. Хеч қаерда кўрмаган ғамхўрликни кўрдим.
Ҳаттоки, бироз тобим қочиб қолган куни у ерда мен ҳақимда билган ва мен билан кўришган жамики одамлар аҳволимни сўраб келишди. Айниқса ўша дамда Латофат опамнинг зудлик билан етиб келиб, бошимда кечаси билан парвона бўлиб чиққанлари, менга куч бағишлаб турганлари... Ўша кундан бу опамга бўлган меҳр-муҳаббатим абадий бўлиб қолди.
У дамларда юрагимдан ўтган ҳис-туйғуларни ҳозир мен тўлалигича тасвирлаб бера олмайман. Кетишимда эса юракларим эзилди, Бухоро халқи мени йиғлаб кузатди. Бироқ, ушбу саёҳатим хулосаси сифатида қандай қарорга келганимни айтишим мумкин: Мен Лорд жанобларига Бухорода энди уй қурмоқчи эканлигимни билдирдим. Ҳа, мен шунга қарор қилдим. Яна бир кичик сир: пандемия якунланиб, вазият яхшиланиши билан Лорд жанобларини биринчи бўлиб Бухорога олиб бораман. Мен кўрган ва ҳис қилганларимни яқин инсоним ҳам кўришларини истайман. Мен Англияга ана шу таасуротлар ва ҳиссиётларимни ўзим билан олиб кетяпман.
Яқин кунларда серҳиммат ўзбек қизи яна бир хайрли ишга қўл урди. Яқинлашиб келаётган Қурбон Ҳайити муносабати билан Бухородаги 40 нафар хонадонда қурбонликлар ўтказишни режалаштирмоқда. Айни кунларда эса ушбу хайрли амал ҳаракатида юрибди.
Нафақат ўзбек, балки дунё аёлларининг "кумер"ига айланиб улгурган Гули хоним Шайх билан навбатдаги суҳбатларимизда унинг яна бир қанча фаолияти, ташаббуслари ва албатта янги қирралари хусусида яна суҳбатлашамиз.
Машҳур Гули хоним Шайх ҳақида беш факт:
1. У жуда меҳрибон, ўта рашкчи, романтик, садоқатли дўст ва ҳамма соҳада ўзини бемалол синай оладиган серқирра инсон;
2. Энг катта орзуси турмуш ўртоғи — Лорд жанобларининг изидан бориш, армони йўқ;
3. Замоннинг энг омадли аёлларидан бўлган Гули хоним Шайх аёлларга ҳар қандай ишни табассумдан бошлашни маслаҳат беради;
4. Ҳаёти давомидаги энг бахтли куни Ҳаж зиёратига боргани. Ҳозирга қадар икки марта Ҳаж сафарига бориб келган;
5. Тақдирга қаттиқ ишонади, аммо ҳамиша ҳаракатда бўлишни қўллаб-қувватлайди.