1

Шавкат Мирзиёев: касалларни даволашга ҳам, иқтисодиётни ишлатишга ҳам мажбур ва масъулмиз

СИЁСАТ 28.07.2020, 20:56
Шавкат Мирзиёев: касалларни даволашга ҳам, иқтисодиётни ишлатишга ҳам мажбур ва масъулмиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ҳудудларда коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бутун дунёда COVID-19 тарқалиши ҳамон давом этмоқда. Мамлакатимизда охирги беш кунда инфекция юқтирганлар сони 3 мингтага кўпайиб, 21 минг 700 нафарга етди.

Жумладан, Тошкент вилоятида 347 та, Қашқадарёда 193 та, Сурхондарёда 130 та, Самарқандда 123 та, Сирдарёда 83 та, Андижонда 79 та янги касалланганлар аниқланган. Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Наманган, Тошкент, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистонда пневмония ҳолатлари анча кўпайган.

Маълумки, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, юртимизда карантин талаблари муддати 15 августгача узайтирилди. Шу билан бирга, ҳозирги вазият пандемияга қарши кураш ишларини янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Йиғилишда бу борада ҳудудларда долзарб бўлиб турган масалалар кўриб чиқилиб, қўшимча вазифалар белгиланди.

Республика махсус комиссиясига жойлардаги эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш ва касалларни даволашга амалий ёрдам берадиган гуруҳлар тузиб, ҳар бир ҳудудга юбориш бўйича кўрсатма берилди.

Ушбу гуруҳларга мутасадди идоралар, ихтисослашган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбар ва мутахассислари, шунингдек, нафақадаги тажрибали шифокорлар жалб этилади. Бу ҳудудларда аҳолига эрта ва аниқ ташхис қўйиш, беморларни касаллик даражасига қараб тўғри ва малакали даволашда муҳим омил бўлади.

Ҳокимликларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар ташкил этиш, интенсив ва реанимация ўринларини кўпайтириш, уларни зарур тиббий жиҳозлар ва дори-дармон билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Тошкент шаҳридаги тажриба асосида COVID-19 ва пневмония билан касалланганларга дастлабки малакали тиббий ёрдам кўрсатадиган “махсус поликлиникалар” ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1