Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчиси Дилшод Ахатов Ҳиндистон Кема ташувлари вазирлиги ҳамда Кимёвий маҳсулотлар ва ўғитлар вазирлигининг (таркибига фармацевтика саноати ҳам киради) давлат вазири Мансух Мандави билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ҳиндистон томонига пандемия оқибатларига қарши курашиш доирасида Ўзбекистонга кўрсатилган тиббий дори-дармон кўринишидаги инсонпарварлик ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирилди.
Мансух Мандави халқларимиз ўртасидаги тарихий яқинлик ва мустаҳкам дўстлик, шунингдек, икки мамлакат раҳбарлари даражасида ўрнатилган юқори даражадаги алоқалар ўзаро муносабатларни мутлақо янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
У 2018 йил февраль ойида Ўзбекистонга қилган ташрифини илиқ хотиралар билан ёдга олди. Эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг Ҳиндистоннинг фармацевтика ва кимё саноати раҳбарларидан иборат делегация таркибида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётганини маълум қилди.
Суҳбат чоғида фармацевтика ва кимё соҳаларида Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлат вазири ҳинд компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортиб бораётганини, бу мамлакатимизда ишончли сармоявий муҳит яратилганидан далолат беришини билдирди. Республикада яратилган қулай инвестиция муҳити, қулай географик жойлашув ва улкан ресурслар, шунингдек МДҲнинг улкан бозори ҳинд компаниялари учун истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга рағбат уйғотмоқда.
Шунингдек, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.






