"Сув бу — оби ҳаёт" Ижтимоий тармоқларда трендга чиққан "боғча опа" қайси МТТда ишлаши аниқланди. Унга жазо қўлланилди

ЖАМИЯТ 08.08.2020, 16:03
"Сув бу — оби ҳаёт" Ижтимоий тармоқларда трендга чиққан "боғча опа" қайси МТТда ишлаши аниқланди. Унга жазо қўлланилди

Сал аввал ижтимоий тармоқларда машғулотни тасвирга олишга ҳалақит берган фарзандларини уришаётган тарбиячи ҳақида видеоролик тарқалди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. 

Айни пайтда Мактабгача таълим вазирлиги ушбу тарбиячи ва ҳолат юзасидан муносабат билдирди ва қуйидагиларни маълум қилди:

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан роликдаги аёл Наманган вилояти, Чортоқ тумани 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Ҳилола Нурматова эканлиги аниқланди.

Ҳ. Нурматова 1982 йилда туғилган, маълумоти олий. Мактабгача таълим тизимида бир неча йилдан бери ишлаб келади. Ўтган давр мобайнида у томонидан ҳеч қандай ножўя ҳаракатлар амалга оширилмаган ва иш берувчи томонидан ижобий таърифланади. Карантин шароитида Ҳ. Нурматова масофадан ўқитиш усулини ўзлаштирган ҳолда, бир неча ой мобайнида, ҳафтасига 4-5 мартадан тарбияланувчилар учун видеомашғулотлар ўтиб келган.

Ёз мавсуми бошланиши МТТ ларда соғломлаштириш даври ҳисобланиб, тартибга кўра бу вақтда фаол таълим жараёни тўхтатилади. Аммо бир неча ташаббускор тарбиячилар, улар қаторида Ҳ. Нурматова ҳам, тарбияланувчиларнинг бўш вақти мазмунли ва фойдали ўтиши учун видеомашғулотларни давом эттиришга қарор қиладилар.

Жорий йил 15 июль куни уй шароитида видеомашғулотни ёзиб олиш жараёнида Ҳ.Нурматова ўз фарзандларини тарбиячи касбий этикасига зид равишда, қўпол тарзда койиб ташлайди . Бу ҳолат акс этган ролик кейин тайёрланган видеомашғулот ўрнига, янглиш равишда МТТ телеграм гуруҳига жойланади ва тезда ўчириб ташланади. Шунга қарамай янглиш жойланиб, ўчирилган ролик орадан 11 кун ўтиб ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетади.

Ҳолатни ўрганиш жараёнида ўша куни Ҳ.Нурматовa видеомашғулотни бир неча марта ёзиб олишга урингани маълум бўлди. Аммо иш билан уй вазифаларини бир вақтда бажариш мажбурияти, жумладан болалар ҳархашаси ҳиссий мувозанатдан чиқиб кетиши, натижада назоратни йўқотган ҳолда овозини баландлатишига сабаб бўлган.

Бу воқеа Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими ҳамда Наманган вилояти Мактабгача таълим Бошқармаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва маълум хулосаларга келинди.

Тарбиячи Ҳ.Нурматова касбий этика қоидаларини бузгани учун унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. Карантин якунланиб , МТТ лар фаолияти тиклангач 7-сонли МТТ ҳамда Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими томонидан бу тарбиячининг педагогик фаолияти мониторинг қилиб борилиши belgilandi.7-сонли МТТ раҳбарига эса огоҳлантириш берилди.

Туман МТБ сига ўзига тегишли ҳудудда масофадан мактабгача таълим хизматини кўрсатиш жарёни устидан кузатишни кучайтириш, унинг сифатини яхшилаш, мактабгача таълим тизими ходимлари учун қулай шароитлар яратиш бўйича тавсиялар берилди, дейилади Вазирлик хабарида. 

Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги болаларга нисбатан ҳар қандай қўпол муносабатга қарши эканлигини маълум қилган. Бундан ташқари, Вазирлик фуқаролардан ўзи учун янги ва ноодатий бўлган  масофадан таълим жараёнини олиб бораётган педагоглар шароити ва ҳолатини тушунишга ҳаракат қилишларини сўрайди.

Мавзуга доир:

"Сув бу — оби ҳаёт" Ижтимоий тармоқларда трендга чиққан дарс ўтаётган ўқитувчи бўйича расмий муносабат билдирилди (видео)

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1