Тест синовлари вақти нега қисқарди? Назоратчилар боди-камералар билан таъминланадими? ДТМ раҳбари ойдинлик киритди

ЖАМИЯТ 08.08.2020, 19:37
Тест синовлари вақти нега қисқарди?  Назоратчилар боди-камералар билан таъминланадими? ДТМ раҳбари ойдинлик киритди

Аввал хабар берилганидек, бугун, 8 август куни АОКА ҳузуридаги штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази иштирокида брифинг бўлиб ўтмоқда. Унда ОТМларда 2020-2021 ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича саволларга жавоб берилмоқда.

Қуйида ана шу савол-жавобларнинг баъзиларини келтирамиз:

-- Агар карантин 15 августдан сўнг яна узайтирилса, тест синовлари қолдириладими?

Мажид Каримов, Давлат тест маркази директори: 

-- Агар карантин 15 август ёки 30 августда бекор қилинса, тест синовлари 2 сентябрда бошланади. Биз 2 сентябргача пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашидан умидвормиз. Агар карантин узайтирилса, албатта тест қолдирилади. Чунки биринчи навбатда, абитуриентлар саломатлиги туради".

-- Тест синовлари учун абитуриентларга қанча вақт берилади? 

--  Тест синовлари учун абитуриентларга 2 соат вақт берилади. Абитуриентлар 2 та фандан жами 60 та тест саволига жавоб топади.

-- Нима учун тест синовлари вақти 3 соатдан 2 соатга қисқартирилди?  

-- Чунки ҳар йили тест синовлари учта фандан ўтказилар ва учта фанга уч соат вақт берилар эди. Бу йилги тест синовлари иккита фандан ўтказилади. Шароитдан келиб чиқиб, қўшимча фанлар олиб ташланди. Бундан ташқари, тест синовлари анча соддалаштирилган ва осонлаштирилган

-- Барча тест синовлари стадионларда ўтказиладими?

-- Ҳа, таълим шаклидан қатъий назар, кундузги, кечки ёки сиртқи — барчаси очиқ стадионларда ўтказилади.

Эрталабки сменалар соат 8:00да бошланиб, 10:00да тугайди, кечки сменалар эса соат 17:00да бошланиб, 19:00да якунланади.  

Абитуриентларга бир марталик ҳимоя воситаларига қўшимча равишда кепкалар ҳам тарқатилади.  

-- Тест синовларида назоратчилар боди-камералар билан таъминланадими?

-- Биз албатта бу бўйича Республика махсус комиссиясига таклиф киритамиз. Тест синовларининг шаффоф ўтиши, кейинчалик имтиҳон жараёнларига тааллуқли бирор муаммони муҳокама қилишга тўғри келиб қолса, асос ва исботлар керак бўлиши нуқтаи назаридан, буни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

-- Абитуриент тест синовлари куни ҳақида қандай хабардор қилинади?

-- Тест синовларидан 10 кун олдин Давлат тест марказининг сайтида ҳар бир абитуриентнинг шахсий кабинетида ДТМ ҳужжати қўйилади. Ҳар бир абитуриент рўйхатдан ўтганда кўрсатган телефон рақамига бу ҳақда хабар берилади.

Ҳар бир абитуриент тест топшириш жойи сифатида қаерни кўрсатган бўлса, тест синовларини ўша жойда топширади. Давлат тест маркази базадаги маълумотни ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас.

Манба: АОКА 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1