1

Андижонда бюджет маблағларини талон-торож қилган мансабдорлар ҳақидаги хабар юзасидан Вазирлик расмий баёнот билан чиқди

ЖАМИЯТ 10.08.2020, 13:09
Андижонда бюджет маблағларини талон-торож қилган мансабдорлар ҳақидаги хабар юзасидан Вазирлик расмий баёнот билан чиқди

Сал аввал, Бош прокуратура маълумотлари асосида Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси мансабдор шахслари томонидан жуда катта миқдорда бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Айни пайтда Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мазкур хабарга жавобан Расмий баёнот берди.

"Мазкур хабарда Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси мансабдор шахслари томонидан ҳақиқатда ишламаган ходимларга ойлик маоши тўлаш ҳамда асоссиз мукофот пуллари ва қўшимча устамалар тўлаб берилиши натижасида 239,1 миллион сўм бюджет маблағлари талон-тарож қилингани маълум қилинган эди.

Хабарда бюджет маблағларини талон-торож қилган мансабдор шахслар аниқ кўрсатилмаганлиги боис, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерларда Андижон вилояти УЖКХК бошқармасининг ходимларига нисбатан салбий фикрларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Таъкидлаб ўтиш жойизки, ходимларга ойилик маош тўлаш ва бошқа тўловларни амалга оширишда содир этилган ҳуқуқбузарлик, жумладан бошқарма бош бухгалтери, ғазначиси ва кадрлар бўлими бош мутахассисининг ғайриқонуний қилмиши Андижон вилояти УЖКХК бошқармаси бошлиғи томонидан аниқланиб, қонуний чора кўриш учун жорий йилнинг июнь ойида Андижон вилояти прокуратурасига тегишли маълумотлар тақдим этилди.

Тақдим этилган маълумотларга асосан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Андижон вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширувлар ўтказилган.

Бугунги кунда, мазкур ҳолат юзасидан бошқарма бош бухгалтери, ғазначиси ва кадрлар бўлими бош мутахассисига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари якунланганидан сўнг улар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Шу билан бирга таъкидлаб ўтиш лозимки, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ўз тизимида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш борасида чора-тадбирлар амалга оширмоқда. Бунда, асосий эътибор ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашишга эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилмоқда.

Ҳолат юзасидан тергов харакатлари якунлангач қўшимча ахборот берилади", 

- дейилади Вазирлик Ахборот хизмати хабарида. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1