Бугун, АОКА пресс-холида 2020 йилнинг 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишлаб ўтказиладиган Самарқанд веб-форумини ташкил этиш юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Унда иштирок этган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ушбу веб-форумининг ёшларга, Ўзбекистонга нима бериши ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
— Бу форумнинг бешта натижаси бўлади деб айта оламан:
🔹Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришда халқаро даражадаги муҳим қадам бўлади.
🔹Иккинчидан, Ўзбекистондаги ёшларга оид давлат сиёсатининг тенденциялари, натижаларини бутун дунё афкор оммасига кўрсатиш бўлади.
🔹Учинчидан, ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция лойиҳасини маромига етказишда муҳим пойдевор бўлади. Чунки Форумда Америка, Осиё, Африка, Европа ва Австралия қитъасидан иштирокчилар қатнашади, улар лойиҳага ўз муносабатларини билдиришади.
🔹Тўртинчидан, ушбу тадбир Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи, нуфузи, мавқеини оширишга хизмат қилади.
🔹Бешинчидан, Ўзбекистон ёшлари биринчи марта халқаро норма ижодкорлиги жараёнида бевосита иштирок этади.






