1

Наманган тажрибаси: Сизни миллионерга айлантирувчи меҳнати енгил беданачилик (2-қисм)

ЖАМИЯТ 12.08.2020, 15:11
Наманган тажрибаси: Сизни миллионерга айлантирувчи меҳнати енгил беданачилик (2-қисм)

Менга шу пайтгача бедана айвондаги тўрқовоқда гўзал сайроқи овози билан кўнгилхушлаши ва инсон иммунитетини оширувчи кичик тухумлар қўйиши билангина маълум эди. Унинг бутунбошли бир бизнесга айланиши ва бу бизнесдан мўмай даромад топиш мумкинлигини ҳаёлимга ҳам келтирмаган эканман. Энди унга даромад манбаи сифатида ҳам қарашни ўргандим. Мақоламизнинг 1-қисмида 2 сотихли иссиқхонадан йиллик 30-40 миллион сўмгача фойда олиш мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. Бу сафар эса сизни миллионерга айлантирувчи меҳнати енгил бўлган беданачилик ҳақида маълумот берамиз.

Нима учун беданачилик?

Наманган вилоятига қилган пресс-туримиз давомида Наманган туманидаги “Шифобахш бедана тухумлари” оилавий корхонасида бўлдик. Корхона раҳбари Козимжон Раҳматов билан суҳбатда беданачилик билан шуғулланишнинг бошқа бизнеслардан афзаллигини сўрадик.

Унинг келтиришича, бедана:

  • тез кўпаяди;
  • кўп тухум қўяди;
  • турли касалликларга товуққа нисбатан анча чидамли;
  • жуда кичкина бўлганлиги боис уни етиштиришда катта майдон талаб этилмайди;
  • тана ҳарорати 40-41 даражада бўлганлиги учун қиш ойларида ҳам иссиқлик таъминотига муҳтожлик деярли бўлмайди;
  • ички бозорда унга талаб жуда юқори;
  • кам омухта ейди;
  • тухум қўйишни бошлаган бедана 8 ой мобайнида деярли ҳар куни тухум беради;
  • меҳнати енгил.

Бедана учун харажатлар ва даромадларнинг эҳтимолий ҳисоб-китобини кўриб чиқамиз

1 та бедана – 12 000 сўм;

1 та панжара нархи – 1 200 000 сўм (сиғими 120 та бедана);

1 кг ем-озуқа нархи – 4 000 сўм. Бир бедана бир кунда 30 гр (120 сўм) ем-омухта ейди.

120 та бедана боқиш учун 1 ойда:

120 та бедана * 12000 сўм = 1 440 000 сўмлик бедана;

1 та панжара – 1 200 000 сўм;

120 та бедананинг озуқа ҳаражати – тахминан 450 000 сўм.

Жами: тахминан 3 100 000 сўм.

Энди даромадга келсак:

120 та бедана кунига 100 тагача тухум беради ва ҳар бир тухум баҳоси 240 сўм.

240 сўм * 100 та тухум * 30 кун = 720 000 сўм ойлик даромад.

Демак, 3 млн. сўм сарфлаб, 8 ойгача (бедана тухум қилишдан қолгунча) ойлик 700 000 сўмдан, имкониятга қараб ёки имтиёзли кредитлар асосида кўпроқ маблағ сарфлаб, даромад кўрсаткичларингизни оширишингиз мумкин. Яна бир аҳамиятли жихати шундаки, тухумдан қолган беданаларни 8 ойдан кейин ҳам уни сотиб олган нархингизда гўштга топширишингиз мумкин. Демак, 120 та бедана учун сарфлаган 1 440 000 сўмингиз йўқотишлар бўлмаганда сизга яна қайтиб келади. Панжаралар фойдага қолади ва сиз кейинги ойларда яна ҳам кўпроқ даромад олиш имконига эга бўласиз.

Эътибор беринг! 3 млн. сўм сарфлаб 700 минг сўм даромад олсангиз, 30 миллион сарфлаб, ойлик 7 млн. сўмлик даромадга кириб “миллионер”га айланишингиз мумкин.

Беданачиликнинг камбағалликка қарши курашишдаги ўрни

Беданачаликнинг мамлакатамиздаги камбағаллик даражасини пасайтиришдаги ўрнини аниқлаш мақсадида ҳозирги кунда Наманган туманида “Шифобахш бедана тухумлари” оилавий корхонаси томонидан 20 та камбағал оилаларга 300 тадан бедана тарқатилган. Агар бу тажриба ўзини оқласа, оилалар беданани яхши парвариш қилиб, уларда беданачиликка қизиқиш уйғонса, улар мустақил равишда ўз бизнесларини давом эттиришлари учун ҳам вилоятда имкониятлар яратилган. Ҳозирча мазкур оилалар парваришлаётган 300 та бедана кунига 220-240 тагача тухум бермоқда. Уларни корхонани ўзи ҳар куни келиб, 240 сўмдан сотиб олиб кетишади. “темир дафтар”га киритилган ушбу оилалар даромадига қўшимча 50 000 – 60 000 сўм кунлик даромад бор. Бу тажриба сифатида амалда бўлганлиги боис корхона бедана учун барча ҳаражатларни (панжара, омухта-ем) ўз ҳисобидан оилаларга ёрдам сифатида таъминлаган. Ўйлаймизки, эҳтиёжманд оилалар учун ойлик 1,5 – 1,8 млн. сўм қўшимча даромад олиш имкониятини яратиш билан бу тажриба ўзини оқлайди ва беданачилик билан шуғулланаётган “темир дафтар”га киритилган оилалар даромади яхшиланиб, тез орада бу рўйхатдан чиқарилади. 

 

Сардорбек Раҳмонқулов

 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1