АсосийJinoyat

Фарғонада 33 ёшли ҳомиладор аёл ўлимига сабабчи бўлган шифокорга суд ҳукми ўқилди

'Фарғонада 33 ёшли ҳомиладор аёл ўлимига сабабчи бўлган шифокорга суд ҳукми ўқилди'ning rasmi

Фарғона вилоятида ҳомиладор аёлнинг ўлимига сабабчи бўлган 61 ёшли шифокорга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё»га жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди раиси Бекзод Ҳайдаров маълум қилди.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 17 март куни соат 00:01 да ҳомиладор аёл Н.Ш. ўз соғлиғидан шикоят қилиб Ёзёвон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлимига мурожаат қилган. Шу куни навбатчиликда турган акушер-гинеколог Р.К. ўз ишига совуққонлик билан қараб, хизмат вазифасини лозим даражада бажармаган. У беморнинг аҳволини баҳолаш, ташхис қўйиш, туғруқхонага ётқизиш, бачадон ва ҳомила ҳолатини назорат қилиш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ва бемор ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган зарур чораларни кўрмасдан, ўз касбига нисбатан бепарволик билан муносабатда бўлган. Натижада 33 ёшли бемор Н.Ш. 17 март куни туғруқ жараёнида вафот этган, унинг ҳомиласи эса она қорнида нобуд бўлган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судида кўриб чиқилган. Суд жазо тури ва миқдорини тайинлашда айбланувчининг аёллигини, пенсия ёшига етганини, икки нафар фарзанди борлигини, жабрланган томонга моддий ва маънавий зарар қоплаб берилганини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаган.

Суд ҳукми билан шифокор икки йил туғруқ комплекси (патология, гинекология, туғруқдан кейинги бўлим)да шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

    Бошқа янгиликлар