Навоийда кон назоратчиси ўз назоратини йўқотиб, 42 миллион сўмлик олтин қум зарраларини ўғирлади, дея хабар бермоқда Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
Келтирилишича, Навоий шаҳар 2-сонли ИИБ ЖҚБ ҳамда Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида, 1978 йил Навоий вилояти Навоий туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, оилали – 3 нафар фарзанди бор, НКМК ДК кон бошқармасида Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отрядида назоратчи, Кармана тумани “Қаҳрамон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Н.М. ўзи ишлаб келаётган кон бошқармасидан нархи қарийб 42 миллион 275 минг сўмлик қийматдаги оғирлиги 3800 грамм бўлган олтин қум зарраларини яширин равишда ўғирлаб кетаётган вақтида, қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган.
Натижада фуқаро Н.М.нинг жиноий хатти-ҳаракатлари якунига етмай қолиб, ашёвий далиллар холислар иштирокида расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан қоидабузар Н.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 25- ҳамда 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Инсонлардаги ўткинчи дунёвий манфаатлар ва нафс устунлиги зарарли оқибатлардан бири эканлигини фуқаро Н.М. содир этган қонун бузилиши мисолида кўришимиз мумкин. У йирик ташкилотнинг назоратчиси сифатида фаолият олиб борсада, ўз лавозимини суиистеъмол қилган ҳолда, ўғирликка қўл уришини ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайди.
Назоратчи тартиб-интизомни кучайтириши, белгиланган вазифани сидқидилдан адо этиши кераклиги ўрнига, ўз назоратини унутиши ачинарли ҳол, албатта. Бироқ, қонун шаффофликни таъминлаш билан ўз кучи ва устуворлигини сақлаб қолади. Эндиликда айбдорга тегишли тартибда адолат мезонлари асосида жазо чоралари белгиланади.






