"Миллий тикланиш" партияси лидери Алишер Қодиров телеграм каналида "Ўзавтомоторс" билан боғлиқ вазиятга ўз қарашларини ёзиб қолдирди:
"ЎзЛиДеП “Ўзавтомоторс” масаласини ўзи тавсия қилган Ҳукуматга эмас, Ҳукуматга ҳисобдор бўлмаган Рақобат қўмитаси ва Прокуратурага арз қилди. Бу ишончсизликка сабаб нима?
Муаммони суд тартибида кўриб чиқилиши албатта жуда яхши, халқ ҳақиқий ҳолатдан хабардор бўлади, лекин суднинг қарори қандай бўлишидан қатъий назар, ЎзЛиДеП бу муаммони аввал Ҳукумат билан муҳокама қилиши керак эди. Чунки монополистлар билан боғлиқ муаммо фақат "Ўзавтомоторс"да тугамайди. Халққа қиммат автомашина сотиб зарар етказаётган монополистни судга бериб, таннархидан арзон электр энергия ва газни сотиб, зарарини бюджет маблағларидан қоплаб келаётган бошқа монополистни бошини силаб ривожланиб бўлмайди. Бозор талаб ва таклифга таяниб, манфаат учун ишлаб чиқаради. Ҳамма нарса шаффоф бўлиши керак. Ҳар икки ҳолат ҳам Ўзбекистоннинг ривожига хизмат қилмайди. Мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар монополияларни босқичма-босқич тугатиш, бозорга мослаштириш, ЖСТга аъзолик шароитида рақобатга тайёрлашни мақсад қилган. Биз ҳали тўлиқ бозор талабларига жавоб берадиган иқтисодиётга эга эмасмиз. Ҳукумат мураккаб мувозанатни ушлаб туриш учун ностандарт қарорлар билан ишлашга мажбур бўлаётганини рад этиб бўлмайди. Шундай шароитда ўзи тавсия қилган Ҳукуматнинг бу масаладаги фикрини эшитмасдан шовқин кўтариш, узоқни ўйламасдан иш қилишдан бошқа нарса эмас.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, айнан шу мунозара сабабли “Ўзавтомоторс”нинг хорижий ҳамкори томонидан йирик лойиҳа тўхтатиб қўйилди. Бу минглаб ватандошларимиз учун режалаштирилган иш ўринлари эди. Даъво қаноатлантирилса, яхши, автомобиль нархлари мувофиқлаштирилади, харидорларга етказилган зарар қоплаб берилади...
Қаноатлантирилмасачи?!
Мамлакатнинг автомобилсозлик соҳасида йўқотишлар, етказилган зарарни қоплаш учун Рақобат қўмитаси раҳбариятининг истеъфоси ёки етакчи партиянинг узри етарли бўладими?
Қарор қандай бўлишидан қатъий назар ўтган беш йилликда ҳам, бу беш йилликда ҳам Ҳукуматни тавсия қилган (шу давр ичида автомобиль нархини белгилаб берган) ЎзЛиДеП бу можародан халқ ишончини суистеъмол қилаётган бўлиб чиқаверади" дейилади Қодиров мулоҳазаларида.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиль нархлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ташаббуси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори кенг муҳокама қилинаяпти. Сўнгги вазиятга кўра, комиссия томонидан машиналар нархларини тушириш бўйича берилган кўрсатмага жавобан "UzAuto Motors” АЖ айни пайтда автомобилларнинг нархларини тушириш имконсиз эканлигини маълум қилди. Шундан сўнг, бир гуруҳ депутатлар “UZAUTOMOTORS” масаласида коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорига депутатлик сўрови киритишди