Давлат тест маркази абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига расмий баёнот билан чиқди.
Маълумки, 2020-2021-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни рўйхатга олиш 20-июндан 20-июлга қадар онлайн тарзда амалга оширилди, деб ёзмоқда Давлат тест маркази.
Рўйхатга олиш олдинги йилларга нисбатан анча қулайлиги, тезкорлиги ва бугунги пандемия шароитида абитуриентлар саломатлиги учун хавфсиз эканлиги билан алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Бироқ, кейинги кунларда Давлат тест марказига абитуриентлар томонидан тўловни амалга ошириш, тест топшириш ҳудудини ёки бошқа бир маълумотларни ўзгартириш тўғрисида мурожаатлар келиб тушмоқда.
Ҳурматли абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари!
Давлат комиссиясининг 2-сон баёнига мувофиқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган, аммо айрим сабабларга кўра тест синовларида иштирок этиш учун тўловни амалга оширишга улгурмаган абитуриентларга 13-августдан 16-августга қадар тўловни амалга ошириш учун қўшимча имконият берилди.
Ҳозирда Давлат тест марказининг базасига киритилган маълумотлар асосида ёпиқ иш тартибида абитуриентлар учун тест материаллари (тест топшириқлари китоблари ва жавоблар варақалари) шакллантирилмоқда.
Шунингдек, мазкур маълумотлар асосида абитуриентларнинг тақсимоти амалга оширилиб, уларга тест синовида иштирок этиш учун рухсатномалар шакллантирилди ҳамда 22-августдан бошлаб абитуриентларга рухсатномалар тарқатилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда тест синовлари учун тўловни амалга ошириш, тест топшириш ҳудудини ёки бошқа бир маълумотларни ўзгартириш имконияти мавжуд эмаслигини маълум қиламиз.






