Тошкент шаҳри ҳокимининг собиқ ўринбосари Элбек Шукуров, шаҳар ҳокимининг ҳозирги ўринбосарларидан бири Бахтиёр Раҳмонқулов ва Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Жаҳонгир Иброҳимов пойтахт туманларига ҳокимликка тайинланади. Бу ҳақда "кун.уз" манбаларига таяниб хабар қилди.
Маълум қилинишича, яқин вақтлар ичида ушбу номзодлар Тошкент шаҳри ҳокимлигида ўтказиладиган йиғилишда лавозимга тасдиқланади.
Маълум қилинишича, 2018-2020 йилларда Тошкент шаҳри ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлган, 2020 йил февралидан буён Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келган Элбек Шукуров Сергели тумани ҳокими лавозимига тайинланади.

2018 йил декабридан буён Тошкент шаҳар ҳокимининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Бахтиёр Раҳмонқулов Яшнобод тумани ҳокими лавозимини эгаллайди.

Шунингдек, кўп йиллардан буён Сирдарё вилояти ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жаҳонгир Иброҳимов Бектемир туманининг янги ҳокими бўлади.

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида 2019 йил сентябридан буён Сергели тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Шамуратов лавозимидан озод этилганди.
24 август куни эса 2018 йил июль ойидан буён ҳоким лавозимида ишлаб келаётган Яшнобод тумани ҳокими Ҳожиакбар Тиллашайхов ҳамда Бектемир тумани ҳокими Шоҳрух Мамажонов лавозимларидан четлатилди.






