Аввал хабар қилганимиздек, кеча, 25 август куни Халқ таълими вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги вакиллари иштирокида "Республика мактабларида 2020/2021 ўқув йилини бошлаш ва санитария қоидаларига риоя этилиши тартиби" мавзуидаги матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу йилги ўқув йилида ўқувчилардан мактаб формаси қатъий талаб этиладими, деган саволга жавоб берди:
«Ота-оналардан аввал ҳам бир неча марта илтимос қилган эдик, яна бир марта илтимос қилмоқчимиз: Ўқув йили бошланади, деб ҳамма эртага бозорга бориши керак эмас. Карантин чекловлари юмшатилгани билан ҳали вирус йўқолгани йўқ. Одамлар бозорлик қиламиз деб болаларини бозорга олиб бориши, ўзига, боласига ёки бошқаларга вирус юқтириши керак эмас», – деди вазир.
Шунингдек, Шерматонинг маълум қилишича, жорий йил мактабларда форма қатъий бир хилда бўлиши керак деган талаб қўйилмайди. Бироқ, мактаб талабларига тўғри келмайдиган кийим билан ичкарига кириб бўлмайди. Ҳозирда вилоят ҳокимликларига зарурий ҳолатларда октябрь ойига қадар мактаб ярмаркалари ташкил қилиш вазифаси юклатилган.
«Ҳеч нарса, ҳатто давомат ҳам қатъий талаб қилинаётгани йўқ. Форма ҳам худди шундай. Бунда маълум тартибларга риоя қилинса, бўлди", - қўшимча қилди Халқ таълими вазири






