АсосийJamiyat

Жиззахда фуқаронинг мол-мулки тортиб олиниши билан боғлик вазият ҳал этилди

'Жиззахда фуқаронинг мол-мулки тортиб олиниши билан боғлик вазият ҳал этилди'ning rasmi

Жиззах вилояти Бахмал туманида истиқомат қилувчи У.Муротовнинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган видеомурожаати кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. У Бахмал тумани ҳокимлиги, «Ермулккадастр» ДК туман филиали ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, унинг ер майдони тортиб олинаётганини таъкидлаган.

Мазкур масала Олий Мажлис Сенати аъзоси С.Суярова бошчилигида Бахмал тумани ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, «Ермулккадастр» ДК тумани филиали мутасаддилари ҳамда «Навбаҳор» МФЙ фаоллари иштирокида ўрганилди, деб ёзмоқда Сенат.уз.

Маълум бўлишича, фуқаро У.Муротов ўзига тегишли ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича Бахмал туман Давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилган.

Ушбу мурожаат ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган. Бахмал тумани ҳокимининг 2018 йил 29 декабрдаги қарори билан жами 1,32 га ер участкасининг 0,06 га ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи (қурилган иморатга нисбатан) тикланган ва ортиқча 1,26 га ер участкаси туман ҳокимлиги заҳирасига қайтарилиши кўрсатиб ўтилган.

Шу билан бирга, «Ермулккадастр» туман филиали томонидан фуқаро У.Муротовнинг мол-мулки бўйича қайта-қайта кадастр қилинган ва айрим хатоликларга йўл қўйилган. Натижада унда уй-жойи қўшнилари ва ҳокимлик томонидан тортиб олинмоқда деган тасаввур пайдо бўлган. Ваҳоланки, видеомурожаатда айтилганидек, унинг мулкини ҳокимият ходими ёки туман ҳокими томонидан тортиб олиш истаги йўқ.

Қолаверса, «Ермулккадастр» ДК Бахмал тумани филиалининг бошлиғи Ф.Ўсаров камчиликларга йўл қўйганлиги туфайли ишдан бўшатилган.

Шунингдек, сенатор С.Суярова томонидан мазкур масала назоратга олиниб, У.Муратовнинг кадастр ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, бу борада унга кўмак кўрсатиш зарурлиги юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

    Бошқа янгиликлар