Коронавируснинг жаҳонга тарқалиш даражаси пасаймоқда. Европада кўрсаткичлар баҳорги даражага қайтди. Жами 24,5 миллион инсонда коронавирус аниқланган — бу умумий ҳисобда дунё аҳолисининг 0,3 фоизидан кўпроғини ташкил қилади. Уларнинг 65,4 фоизи соғайган. Ҳафта давомида тузалганларнинг сони 1,45 миллионга кўпайиб, 16 миллионга етди.
Сўнгги 7 кун давомида дунёда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 1,8 миллионга ортди. Июль охиридан бошлаб ҳафталик ўсиш кузатилмоқда. Бироқ нисбатан олганда, пандемия бошланганидан бери бу тенденция минимал даражага тушди — 7,5 фоиз.
Янги инфекциянинг шартли ўлим даражаси (якунийси пандемия тугагач аниқланиши мумкин) минимал даражани янгилаб, 3,4 фоизгача тушди. Аммо мутахассислар бу кўрсаткич кузда касалликнинг авж олиши ортидан яна кўтарилиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Етти кун давомида коронавирус сабабли ўтган ҳафтадаги каби қарийб 38 минг киши вафот этди. Умуман олганда, дунёда ушбу янги касаллик билан боғлиқ 832 минг ўлим ҳолати қайд этилган.






