Аввал хабар қилинганидек, Кўксарой қароргоҳида мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрамига бағишланган тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев байрам табригида жаҳонда юзага келган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз туфайли хорижда қолиб кетган фуқаролар ҳаёти ҳақида ҳам тўхталди.
" -- Бу балога қарши курашиш бўйича сўнгги олти ой давомида мисли кўрилмаган ишларни амалга оширдик. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари ишга туширилди. Катта миқдорда қўшимча тиббиёт ускуналари ва тез ёрдам машиналари харид қилинди. Энг илғор хорижий амалиёт ва ўзимизда тўпланган тажриба асосида даволаш усуллари такомиллаштириб борилмоқда. Коронавирусга қарши курашда туну кун метин ирода билан фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш доимий эътиборимизда турибди. Бундай чора-тадбирларимиз натижасида минглаб беморлар шифо топиб, оиласи бағрига қайтмоқда.
Чет давлатларга меҳнат қилиш ва ўқишга кетиб, пандемия туфайли қийналиб қолган юртдошларимизни ўз уйларига қайтариш, тегишли ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширган катта ишларимиз давом эттирилмоқда.
Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Коронавирус пандемияси туфайли бу йил Мустақиллик байрами ихчам шаклда, онлайн режимда ўтказилди. Кўксаройдаги маросим телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.

















