Бугун Навоий шаҳрида Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ер усти пиёдалар йўли – мегакўприк фойдаланишга топширилди.
Fалаба шоҳ ва Амир Темур кўчалари кесишмасида бунёд этилган ер усти пиёдалар йўлаги аҳоли учун муҳим қулайлик яратгани билан аҳамиятлидир.
Таъкидлаш жоизки, мазкур чорраҳада бир суткада 25 мингдан 35 минггача автотранспорт воситалари ҳамда соатига 10 ярим минг нафаргача пиёдалар ҳаракатланади. Бу ерда бир неча йиллардан буён автомобиллар тирбандлиги юзага келаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди
Шу нуқтаи назардан олиб борилган бунёдкорлик ишлари самарасида қисқа муддатда – атиги бир йилда мазкур иншоот замонавий қиёфа касб этди. Қурилиш ишлари «Навоий минтақавий йўлларга буюртмачи» буюртмаси асосида «Навоий кўприклардан фойдаланиш» унитар корхонаси бош пудратчилигида олиб борилди.
170 тонна ҳажмда металл-конструкция ишлари «Навоий жанубсаноатмонтаж» акциядорлик жамияти томонидан бажарилди.
Мазкур иншоотнинг баландлиги 5,5 метр бўлиб, 4,5 метр кенгликда пиёдалар йўлаги яратилди. Мегакўприкка чиқишда 1,8 метр кенгликда пандус ҳамда тўрт томондан 2,7 метр кенгликда зиналар, 32 дона таянч устуни ўрнатилди. Тўрт томондан ҳам лифт қўйилгани кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар учун айни муддао бўлди.






