1

Камбағаллик+Пандемия: Катта синовдан сўнг қайси вилоят “темир дафтари” музейга топширилади?

ЖАМИЯТ 01.09.2020, 21:36
Камбағаллик+Пандемия: Катта синовдан сўнг қайси вилоят “темир дафтари” музейга топширилади?

Камбағаллик... Бу тоифа ҳар бир давр, ҳар бир жамият ва ҳар бир давлатда мавжуд бўлиб келган. Шу жумладан, мамлакатимизда ҳам илк бора “камбағаллик” атамасига 2020 йил 24 январь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасида тўхталиб ўтилди. 

Энди ҳокимларнинг “пахта плани”дан ҳам бошқа ишлари бор

Мамлакатимиз аҳолисининг 14-15 фоизини ташкил этадиган камбағалларни босқичма-босқич “темир дафтар” рўйхатига киргизиб, уларга ҳар тарафлама ижтимоий кўмак кўрсатиб, маълум бир доимий даромад манбаига эга бўлишгач бу рўйхатдан чиқариш учун тизимли ишлар бошлаб юборилган. Албатта бу осон эмас. Фаол ҳаёт тарзини унутиб, ё умидсизлик, ё ҳаракатсизлик, ё боқимандалик кайфиятига тушиб қолиб, даромаддан узилиб қолган аҳолини бу кайфиятдан олиб чиқишдек масъулиятли ва мураккаб иш президент бошчилигида барча вилоят ва туман раҳбарлари, секторлар масъуллари гарданига тушди. Дунёни эгаллаган пандемия эса мамлакатимизда камбағалликка қарши курашиш даражасини бир неча ўн баробарга қийинлаштириб юборди. Шундай бўлса-да, президент Шавкат Мирзиёев пандемия шароитида қийналиб қолган аҳолини ўз ҳолига ташлаб қўймади. Мана бир неча ойлардан бери ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга турли кўринишда моддий ёрдамлар кўрсатилиб, аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича фармон ва қарорлар ишлаб чиқилмоқда. Илгарилари фақат “пахта плани”га жавобгар бўлган ҳокимлар, “кўринмас одам”дек ҳеч ким танимайдиган прокурор, солиқ ва ички ишлар раҳбарлари бугун аҳоли ичига кириб, уларнинг муаммоларига шерик бўлиб, ўз ҳудуди – сектори имкониятидан келиб чиққан ҳолда “темир дафтар”га киритилган аҳолини даромадга эга бўлишлари учун ҳаракат қилишмоқда. Наманган, Навоий ва Самарқанд вилоятларига қилган ташрифларимиз давомида ҳам “темир дафтар”лар турлича юритилаётганининг гувоҳи бўлдик. Пандемия фонида секторлар раҳбарлари имкон қадар ҳаракат қилишиб, синовларда тобланишмоқда. Қайси раҳбар билан суҳбат қурмайлик ўз “темир дафтари”нинг яхши юритилаётганидан тўлқинланиб гапиради. Хўш, аслида-чи? Ҳозирча 3 та вилоят мисолида олинаётган камбағалликка қарши курашишнинг асосий ҳужжати ҳисобланган “темир дафтар”нинг қай тарзда юритилаётганига баҳони сиз берасиз.

Уч хил рангли наманганча “темир дафтар” 

6-9 август кунлари Наманган вилоятида “темир дафтар” юритилиши ва камбағалликка қарши қандай курашилаётганини ўрганиш мақсадида вилоятга қилган ташрифимиз давомида Наманган туманида 2-сектори раҳбари Ҳабибулло Исоқов томонидан юритилаётган ва вилоятга ўрнак қилиб кўрсатилаётган “темир дафтар” юритиш усули эътиборимизни тортди. Аҳамиятлиси шундаки, секторда мазкур рўйхатни юритишда тартиб бор. Дафтарлар 3 хил: яшил, қизил ва сариқ рангларга ажратилган. Яшил рангли дафтарда юритилаётган рўйхатдагилар маълум даромад манбаига эга бўлиб, “темир дафтар”дан чиқарилган бўлса-да, доимий назоратда бўлган фуқаролар, сариқ дафтардаги рўйхатдагилар эса даромад топишларига кўмаклашилаётган жараёндаги аҳоли ҳамда қизил рўйхатдагилар ногирон, кекса ва ёлғиз, давлат ҳимоясига доимий муҳтож бўлган фуқаролардир. “темир дафтар” юритишни бироз осонлаштирувчи “Наманган тажрибаси”нинг афзаллиги уч рангдаги дафтарларда аҳоли сонининг қанчалик кўплиги ёки камлиги сектор раҳбарининг қай даражада ишлаётганидан далолат бериб туради. “яшил” рўйхатнинг ошиши, “сариғи”нинг камайиши даражасининг юқорилигига қараб сектор раҳбарига ижобий баҳо бериш мумкин бўлади.

5-6 кгли улкан навоийча “темир дафтар”

Навоий вилояти ҳокимининг 1-ўринбосари Одил Хасановнинг маълум қилишича, Навоий “темир дафтари” намуна бўлишга арзирли дафтар ҳисобланиб, унинг ичидаги ҳар бир саҳифада рўйхатдаги ҳар бир оиланинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволи акс этади. 47 та категория бўйича таснифланадиган оилалар телефон рақамидан тортиб, уй ҳайвонларининг сонигача ҳисобда юритилади. Бу дафтарнинг аҳамиятли тарафи шундаки, маҳаллаларда қўшиб ёзишнинг олди олинади, секторлар компьютерларидаги “темир дафтар” рўйхатлари ушбу дафтар билан мунтазам солиштириб борилади. Мустаҳкам қилиб ишланган мазкур дафтар юритилиб бўлгандан сўнг музейга топширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда 26-27 август кунларида Навоий вилоятига қилган ташрифимиз чоғида Одил Хасанов маълум қилди. 

2,5-3 миллион сўм оилавий даромадсиз рўйхатдан чиқармайдиган Самарқанд “темир дафтари” 

“Камбағалликдан чиқариш учун 1,5-2 миллион сўм ойлик оила даромади камлик қилади. Айниқса шаҳарда”, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокими 1–ўринбосари Акром Эгамов, - “Коммунал тўловлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ўзига шунча пул кетиб қолади. Лекин уларнинг кийиниши ва бошқа харажатлари-чи? Шунинг учун бизни тажрибамиз бўйича “темир дафтар”дан тезда чиқариб юборилмайди. Майли, бироз вақтни олсин, оилавий даромади 2,5-3 млн. сўмга етгач, рўйхатдан чиқарамиз.” Ҳудди шу фикрни вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари Жамшид Ўроқов ҳам ОАВ вакиллари билан бўлиб ўтган брифингда таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, вилоятда “темир дафтар”дан чиқариш статистикаси бироз секиндек туюлиши мумкин. Лекин вилоятда рўйхатдаги камбағал аҳолининг оилавий даромади 3-4 млн. сўмга етмаса, бу рўйхатдан чиқарилмайди ва шу сабабли рўйхатдан чиқариш тезлиги вилоятда сусайгандек кўриниши мумкин. 

Хулоса ўрнида

Кўриб тўрганингиздек, камбағалликка қарши курашиш бўйича ҳар бир ҳудуд ўз услубидан фойдаланмоқда. Натижада эса оғир аҳволдаги аҳоли турмуш даражаси ҳам яхшиланиб, доимий даромад манбаларига эга бўлишмоқда. “гуруч курмаксиз бўлмайди” деган гап ҳам бор. Бундай хайрли ишлар фонида мўмай даромад илинжидаги раҳбарларнинг ҳам учраб тургани кўнгилни хира қилади. Лекин қонун бор, тизим ишлаяпти. Мамлакатимиз тарихида илк тажриба сифатида юритилаётган “темир дафтар”дан биз кўпроқ нарса кутяпмиз. Виждон билан ишлаётган раҳбарларга раҳмат, қолганларга инсоф ва масъулият сўраб қоламиз.

Сардорбек Раҳмонқулов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1