Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрамида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида қурилган 2 та кўп қаватли турар-жой биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Янги хонадон калитларини бахтли оилаларга топшириш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Женгисбай Ембергенов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Фарҳоджон Шерматов, Нукус гарнизони ҳарбий прокуратураси раҳбарияти, ҳарбий хизматчилар оилалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қўмондон ўз нутқида охирги йилларда ҳарбий соҳага бўлаётган эътибор туфайли ҳарбий қисм ва муассасалар, дала-ўқув майдонлари инфратузилмасини такомиллаштириш, юрт ҳимоясидек масъулиятли касб эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий пенсионерларнинг ижтимоий муҳофазаси каби масалалар долзарб бўлиб келаётганини эътироф этди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳарбий-маъмурий сектори билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг кўламдаги ишларга алоҳида тўхталди.
Тадбир давомида охирги 3 йилда биргина Шимоли-ғарбий ҳарбий округда 300 нафардан зиёд ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли ипотека кредити асосида 8 та уй қурилгани таъкидланди.
Нукус гарнизонидаги “Ватанпарвар” маҳалласида бунёд этилган 30 хонадондан иборат иккита 5 қаватли шинам, барча қулайликларга эга бўлган янги уйлар юртимизни кўз қорачиғидек асраб келаётган Ватан ҳимоячиларига ўзгача туҳфа бўлди.
Таъкидлаш жоизки, айни кунларда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси билан ҳамкорликда Мудофаа ишлари бошқармасининг янги биносини қуриш, “Нукус” полигони инфратузилмасини такомиллаштириш борасида ишлар давом эттирилмоқда.
Тадбир давомида янги хонадон эгаларига калитлар тантанали тарзда топширилди. Меҳмонлар янги хонадонларга эга бўлган ҳарбий хизматчилар уйларига кириб, уларга оилавий бахт ва омад тилашди.







