АсосийMadaniyat

Тошкентда «Шум бола» кинофестивали ўтказилади

'Тошкентда «Шум бола» кинофестивали ўтказилади'ning rasmi

2020 йил 3 сентябрь  куни  "Ўзбеккино" Миллий агентлигида Агентлик бош директори  Фирдавс Абдухолиқовнинг Тошкентдаги Гёте  институти раҳбари Жаноб Ян Хельфер  билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Агентлик Ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда томонлар жорий йилнинг сентябрь  ойи охирида ўтказилиши режалаштирилган «Шум бола»  немис болалар фильмлари фестивалини ташкил этишни муҳокама қилишди.

«Шум бола» кинофестивали дастлаб, 2020 йилнинг баҳорига режалаштирилган эди, бироқ карантин чекловлари туфайли  номаълум муддатга қолдирилган.

Ва  ниҳоят, 21-25 сентябрь кунлари Гёте институти "Ўзбеккино" МА билан ҳамкорликда ушбу ғояни амалга оширишни келишиб олди. Фестивал асосий қисми институт ёнидаги  “Гёте-парк” да ўтказилиши кўзда тутилган. Учрашувда мазкур тадбирнинг мазмунли ўтишида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳам ўз ҳиссасини қўшиши таъкидланди.

Шу билан бирга, фестивалда немис болалар фильмларидан ташқари ёш ўзбек режиссёрларининг қисқа метражли фильмлари ҳам намойиш этилади.

Яна томонлар 2020 йилнинг декабрь ойида немис ва ўзбек киноижодкорлари ўртасида маҳорат дарсларини ўтказиш, тажриба алмашиш бўйича ҳам масалаларни муҳокама қилишди.

    Бошқа янгиликлар