АсосийSalomatlik

Мактабга чиққан болада коронавирус аниқланса нима қилиш керак?

'Мактабга чиққан болада коронавирус аниқланса нима қилиш керак?'ning rasmi

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби вазирликнинг ўқув-тарбия муассасалари бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Инобат Аҳмедова билан суҳбат уюштирди.Унда бир қатор муҳим саволларга жавоб берилди.

– Қандай хасталикка чалинган ёки сурункали касалликлари бор ўқувчиларга онлайн таълим олишни тавсия қиласиз?

– Бу холатда боланинг саломатлик кўрсаткичларига эътибор берилади. Бу кўрсаткичлар 5 та гуруҳга бўлинади.

1-гуруҳ. Бунга сурункали касалликларга чалинмаган, текшириш пайтида бирон-бир касаллик аниқланмаган ва ўз ёшига мувофиқ жисмоний ҳамда ақлий жиҳатдан ривожланган соғлом болалар киради.

2-гуруҳ. Сурункали касаллиги бўлмаган, лекин айрим морфофункционал нуқсонлари бўлган ҳамда тез-тез (бир йилда 4 марта) дардга чалиниб турадиган болалардан ташкил топган.

3-гуруҳ. Сурункали касаллиги бор ёки компенсация даврида патологик ҳолати оғир бўлмаган болаларни бирлаштиради.

4-гуруҳ. Сурункали касалликлари бор, субкомпенсация даврида умумий ҳолати бузилган, ўзини ёмон ҳис эта бошлаган, ўткир юқумли касалликлардан сўнг тузалиши кечиккан болалар.

5-гуруҳ. Декомпенсация даврида бўлган, оғир сурункали касалликларга чалинган, камҳаракат, таълим муассасаларига қатнай олмайдиган ногирон болалардан иборат.

Саломатлик гуруҳини аниқлашда бола саломатлиги ҳақидаги маълумотларни ҳисобга олиш зарур.

Қоидага мувофиқ, 1-, 2-гуруҳдаги болалар умумтаълим муассасаларига қатнайди.

Онлайн таълим олиш, асосан, 3-, 4-, 5 -гуруҳдаги сурункали касалликлари бор, ушбу касалликларни зўриқиш даври аниқланган болаларга тавсия этилади.

– Агар ўқувчи ёки ўқитувчида коронавирус аниқланса, касалликнинг кенг тарқалмаслиги учун, биринчи галда қандай чора-тадбирларни амалга ошириш зарур?

– Ўқувчиларни мактабга қабул қилишда масъул ходим уларнинг оила аъзолари саломатлиги, оилада юқумли касаллик билан оғриган ёки клиник белгилари намоён бўлаётганлар бор ёки йўқлигини (тана ҳароратининг 37 C дан ошиши, кўнгил айниши, йўтал ва бошқа белгилар) текшириши мақсадга мувофиқ.

Агар ўқувчи ёки ўқитувчи мактабда ўзини яхши ҳис қилмаса, унда “COVID-19”нинг одатий аломатлари бўлса, бошқа одамлардан алоҳидалаш керак. Вирус юқтирган ўқитувчи ёки ўқувчи билан алоқада бўлган барча юзалар, шу жумладан, барча сиртлар ва буюмлар, ҳожатхоналар, эшик тутқичлари ва телефонларни тозалаш керак. Тозалаш учун дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланиш тавсия этилади.

Агар ўқувчи ёки ўқитувчининг аҳволи ёмонлашса (тана ҳарорати кўтарилса, ЎРИ аломатлари аниқланса), изоляторга жойлаштирилади. Изолятор хонаси бўлмаган тақдирда, ўқувчи ёки ўқитувчи  ҳамширанинг кабинетига ёки изоляция учун мўлжалланган бошқа хонага жойлаштирилади. Шифокорга мурожаат қилиш ва ҳудудий СЭОМга маълумот етказиш керак бўлади.

Профилактик чора-тадбирлар қаторида ўқувчилар ёки ўқитувчиларнинг қўлларини гигиеник ишлов бериш жадвалини ишлаб чиқиш (ҳар соатда қўлларни совун билан ювиш ёки антисептик спиртли эритмалар билан ишлов бериш), ҳар овқатдан олдин ва ҳожатхонага боргандан кейин, ҳар бир машғулотдан кейин қўлларни совун ёки антисептик воситалар билан ювиш  лозим.

Бир мартали ишлатиладиган қоғоз сочиқлардан фойдаланиш тавсия этилади. Қоғоз сочиқлар, бир марта ишлатиладиган салфеткалар билан таъминлаш имконияти бўлмаган тақдирда, ҳар куни ўзгартириладиган ва бир-биридан 25-30 см. масофада осилган, қайта ишлатиладиган индивидуал сочиқлардан фойдаланиш талаб этилади.

Машғулотлар вақтида гуруҳларда  ўқувчилар орасидаги масофани таъминлаш ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида узоқ муддатли тўғридан-тўғри жисмоний алоқалар чекланади ҳамда машғулотлар давомида турли гуруҳлардаги ўқувчиларнинг ўзаро алоқаси ва аралашишига йўл қўйилмайди.

    Бошқа янгиликлар