Замира ва Гуллола Муборак туманидаги “Иссиқхоналар шаҳарчаси” ташкил этилгандан бери ишлаб келарди. 2 йиллик тажрибага эга бўлишгач, ўйлаб қолишди: “Қачонгача бировнинг қўлида мардикор бўлиб ишлаб юрамиз, ахир хотин-қизлар учун шунча имкониятлар бериляптику?”

Вилоятдаги энг банд туман
Қашқадарё вилояти Муборак туманига йўл оларканмиз, бизга ҳамроҳ бўлган туман ҳокимининг 1-ўринбосари Садриддин Нарзиевдан тумандаги бандлик даражаси нима сабабдан вилоят бўйича энг юқори (100 кишига 5,6 бирлик) эканлигини сўрадик.
“Энди, ука, Муборак тумани аҳолиси ўзи ундай кўп эмас – 87 минг киши, - дея сўзида давом этади Садриддин ака, - Биласиз, туманимизда нефт ва газни қайта ишловчи йирик ва ўрта саноат корхоналари бор. Шу корхоналарнинг ўзида умумий 10 мингга яқин ишчи ишлайди. Туманимизда ишсизлик даражаси шунинг учун ҳам унчалик юқори эмас.”
Бўлдими, фақат шуми?
Аммо ҳамма ҳам саноат корхоналарида ишлай олмайди, қолган аҳолининг бандлиги қандай таъминланяпти? Илгари қилинмаган ишлар, кам таъминланганлар билан ишлаш бўйича Муборак туманининг ўзига хослиги нимадалигини сўраган ҳам эдикки, ҳайдовчи машина рулини шартта юқорида таъкидланган “Иссиқхоналар шаҳарчаси”га бурди. “Иссиқхона ҳамма ерда ҳам бор-ку” дейишингиз мумкин, лекин бунақаси республикада камдан-кам.

“Иссиқхоначилар мактаби”
1200 нафар ишчи (шундан 1030 таси аёллар) ишлаётган йирик иссиқхоналар комплекси 2018 йил президент Шавкат Мирзиёев туманга ташриф қилган пайтида 50 гектар бўлган бўлса, бугунга келиб иссиқхоналарнинг умумий майдони 132 гектарга етган ва кенгайишда давом этмоқда. Бу ерда ишлаб ўзига яраша тажриба олаётган ишчилар эса ўзлари алоҳида иссиқхоналар қуришиб, тадбиркорга айланишмоқда.
“Бу ер ишчилар учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтаяпти. Иссиқхоначилик сир-асрорларини ўрганган ёшлар, аёллар мустақил тарзда иссиқхоначилик билан шуғулланиш учун кредитлар сўраб мурожаат қилишяпти”, - дейди Садриддин Нарзиев.
Қахрамонларимизга қайтсак...
Замира Усмонова ҳам икки йилдан бери мазкур иссиқхонада ишлаб, барча сир-асрорларини ўрганган. Эҳтиёжманд оилалар рўйхатида турганлиги боис унга субсидияли асосда (давлат ҳисобидан текинга) бир сотокли иссиқхона қуриб берилган. Аллақачон ҳосилини ҳам олаётган Замира опа бизни серсув, мазали бодринг билан ҳам сийлади.

Замира Усмонова, тадбиркор:
— Бодрингимиз 40 кунда ҳосилга кирди. Икки кунда бир териб олиб бозорга, дўконларга тарқатиб келяпмиз. Ҳар терганимизда 40 килогача ҳосил олиб, 90-100 минг сўм уйга олиб киряпмиз. Турмуш ўртоғим ҳам жамоатчилик ишларига бириктирилган. Доимий 700-800 минг ойлик оляпти. Оиламиз иқтисодий аҳволи тикланяпти. Бировнинг қўлида мардикор бўлмасдан, энди рўзғоримизни ўзимиз олиб кетамиз.

Замира опанинг ёнгинасидаги қўшниси Гуллола Қиличова ўзи 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамасдан, Замира опадан ҳам чаққон чиқди. Унинг дадил гаплари, ўзига ишончи ва қилаётган ишлари бизни ҳайрон қолдирди:
“Мен ҳам ҳосил оляпман. Лекин бу билан чекланиб қолганим йўқ. Менга текинга қуриб берилган иссиқхонамда бодринг кўчатлари ҳам етиштириб, қишлоққа сотяпман. Томорқам катта. Мен ҳам катта тадбиркор бўлсам дейман. Иссиқхоналаримни кенгайтиришимга ёрдам берсангизлар, бутун томорқамни иссиқхонага айлантириб, ўзимга ўхшаб қийналганларни ишга олардим.”
Гуллола опага шу ернинг ўзида туман масъуллари янги иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит ажратишга ваъда беришди.

Муборак туманида 1473 нафар “темир дафтар” рўйхатидаги Замира ва Гуллола каби аёлларнинг 10 нафарига субсидия асосида ва 88 нафарига имтиёзли кредитлар асосида иссиқхона, 42 нафарига суғориш иншоотлари қуриб берилган. Бундан ташқари, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида паррандачилик (104та), тикув машинаси (153 та),балиқчилик (6 та), асаларичилик (7 та),бошқа йўналишлар (60 та), чорвачилик (102 нафар) ташкил қилиш орқали 697 нафар фуқароларнинг бандлиги таьминланган. Булар билангина чекланиб қолмасдан, туманда такрорий экин учун ерлар ажратилиб, “темир дафтар”даги оилаларга 50 сотокдан ер ажратилиб, қовун-тарвуз ва тажриба тариқасида туман ҳудудида илк маротаба мош экиш ташкил этилган. Серҳосил мошлардан олинадиган даромад прогнози эса 6-8 миллион сўм.


Хулоса ўрнида
Республика бўйича камбағаллик билан курашиш бўйича қилинаётган ишларни кузатар эканмиз, бизда туманлар ва вилоятларни солиштириш имкони бор. Иссиқхона қуриб берилгани билан шунча меҳнат ва харажатни ҳисобга олмай, ҳеч нарса экмаётган юртдошларимизни ҳам кўряпмиз. Муборакда эса иссиқхоначилик бўйича мактаб бор. Бу мактабда ўзига хос тажрибага эга бўлганлар ўз иссиқхонасини ҳам эплай олади. Туман секторлари раҳбарлари эса уларни доим қўллаб-қувватлашга тайёр. “Иссиқхоналар шаҳарчаси”нинг 2-3 йилда 2-3 бараварга кенгайганлиги ҳам бежизга эмас. Туманда Замира ва Гуллоладек меҳнаткашлар бор экан, камбағаллик қисқариб, боқимандалик камайиб бораверади.
Сардорбек Раҳмонқулов






