Ўзбекистон Республикаси ташқи қарзининг умумий ҳажми 2020 йил бошидан 12,7 фоизга ёки 3,1 млрд. долларга ошган ҳолда, 2020 йил 1 июль ҳолатига 27,6 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Умумий ташқи қарз резидентларнинг норезидентлар олдидаги асосий қарз ва фоизларни тўлаш талаб қилинадиган мажбуриятларини акс эттиради. Умумий ташқи қарз давлат ва хусусий сектор қарзларидан иборат. Умумий ташқи қарздаги ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатдики, 2013-2017 йиллар давомида ҳар иккала секторда ҳам қарздорликнинг ўсиши кузатилган. Бироқ, 2018 йилда хусусий сектор ташқи қарзи камайиши кузатилди, бу эса ўз навбатида нефт-газ ва энергетика сектори корхоналари томонидан жалб қилинган қарздорлик муддатининг тугаши билан изоҳланади. 2019 йилдан бошлаб хусусий сектор ташқи қарзи асосан тижорат банклари томонидан қарз олишнинг кўпайиши ҳисобига яна ўсишни бошлади.
Регуляторнинг таъкидлашича, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат ташқи қарзи ўсиш тенденсиясини сақлаб қолди. Ушбу жараён COVID-19 вирусининг тарқалиши оқибатида юзага келган инқирознинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш учун ҳамда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш учун янги қарзларнинг жалб қилиниши билан изоҳланиши мумкин.









