1

Бухоро вилоят ҳокими ўзининг номига телеграм бот орқали мурожаат йўллаган фуқаронинг уйига борди

ЖАМИЯТ 28.09.2020, 22:40
Теглар: Бухоро вилояти ҳокими
Бухоро вилоят ҳокими ўзининг номига телеграм бот орқали мурожаат йўллаган фуқаронинг уйига борди

Санобар Мустафоева асли Бухоро шаҳридан. У кўп йиллар вилоят марказидаги 16-сонли умумтаълим мактабида кутубхоначилик қилган.  Ҳозирда ёлғиз ўғли ва келини билан Когон туманининг “Тараққиёт” маҳалласидаги намунали уй-жойларнинг бирида ижарада яшамоқда. Бу ҳақда Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати  хабар берди.

Санобар опа ўзининг айтишича, остеохондроз касалига йўлиқиб, кундан кунга аҳволи ёмонлашган. Ёш ўтиши билан танасида кучайиб борган дард охир-оқибатда аёлни тўшакка михлаб қўйган. Амалий мададга, ижтимоий муҳофазага муҳтож аёл шу йилнинг 26 сентябрь куни вилоят ҳокимлигининг онлайн мурожаатлар – телеграм бот хизмати орқали бевосита вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаровга мурожаат қилишга мажбур бўлган. 

Албатта, мазкур мурожаат вилоят раҳбарининг эътиборидан четда қолмади. Бугун, 28 сентябрь куни Фарҳод Умаров тегишли ташкилотлар мутасаддилари ҳамроҳлигида Санобар Мустафоева истиқомат қилаётган манзилда бўлиб, унинг ҳолидан хабар олди. 

Оғир касаллик билан курашаётгани назарда тутилгани ҳолда соғлиқни сақлаш тизими масъулларига Санобар Мустафоевани вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига ётқизиш ва даво муолажаларини ўтказиш, ўғли ва келинини муқим даромад манбаига эга бўлиши учун уларни ишга жойлаштириш чораларини кўриш топшириғи берилди. Шунингдек, оилага кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.

— Шу куннинг ўзида Когон тумани давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан бемор аёлдан СОVID-19 касаллигига тест олиш тавсияси берилди,–дейди Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ҳамза Сафаров. — Унинг натижасига қараб,  Санобар Мустафоевани вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига ётқизиб, ташхис ва муолажаларни бошлаймиз. Бемор аёл зарур дори-дармон воситалари билан бепул таъминланади.

Муҳими, уйига вилоят ҳокими ташриф буюрганидан кўнгли таскин топган аёл мурожаати жавобсиз қолмаганидан мамнун бўлди.

— Очиғи, вилоят ҳокимининг уйимгача келишини кутмагандим, – дейди Санобар опа кўзида ёш билан. — Нолимайман, шу кунгача ҳам маҳалладагилар, поликликникадагилар ҳол-аҳвол сўраб туришибди. Имкон қадар ёрдам ҳам беришди. Кўриб турибсиз, уй-жойимнинг аҳволи ҳаминқадар. Шу бошпана ҳам ўзимники эмас. Уйда ёлғиз боқувчи ўзимман. Моддий даромадимиз беш жоннинг еб-ичишига етмаяпти. Шуларни вилоят раҳбарига айтиб, ёрдам сўрагандим. Минг раҳмат, ташрифдан бошим кўкка етди. Муаммоларим ҳам бирин-кетин ҳал этиладиган бўлди. 

Умуман, вилоят ҳокимлигининг онлайн мурожаатлар — телеграм бот хизмати орқали бевосита вилоят ҳокимига жисмоний ва юридик шахслардан шу кунгача жами 238 та мурожаат қабул қилинган. Уларнинг 81 таси ижобий ечимини топган бўлса, 55 та мурожаат мутасадди идоралар томонидан ўрганилаётгани, яна ўнлаб масала юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилаётгани мурожаатлар телеграм ботининг халқимиз ижтимоий ҳаётига кириб бораётгани, жойларда кузатилаётган нуқсон ва камчиликлар, юртдошларимиз ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларга шу йўсинда тезкор ва онлайн тартибда эътибор кучайтирилгани самарасидир. Мурожаатларда асосан пандемия даврида оғир аҳволга тушиб қолган оилалар ижтимоий муҳофазаси, шунингдек, жойларда инфратузилма объектлари, йўл таъмири, коммунал-муҳандислик тармоқлари, ичимлик суви, тижорат банкларидан кредит ва моддий ёрдам олиш, қолаверса, иш билан таъминлаш каби долзарб масалалар кўтарилмоқда. 

Албатта, юқоридаги мурожаатларнинг ҳар бири ҳудудлар кесимида атрофлича ўрганилиб, масъул мутасаддилар зиммасига уларни тезроқ ва қонун доирасида ҳал қилиш талаби қўйилган. Бу жараёнда муҳокамага тушаётган, қонун доирасида ўрганилаётган ҳар бир мурожаат эса бевосита вилоят ҳокими назоратида.  

 

Шарҳлар

Меҳмон 29.09.2020, 05:29
Гап йук,баракалла
Ботир Зарипов: Президент жамоасига иқтидорли, ташаббускор ва умидли авлод кириб келмоқда

27.08.2021, 17:04

Бухородан "Келажак лидерлари" клубининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.  Энди улар давлат хизматидаги раҳбарларга дублёр бўлишлари мумкин. Бу ҳақда макзур тадбирда иштирок этган Бухоро вилояти...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1