Куни кеча ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги 11-сонли кўп тармоқли поликлиникаси фаолияти билан боғлиқ “Статистикадаги 58 та касални даволаш учун 200 дан ортиқ тиббиёт ходимини ишсиз қолдириш керакми” сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқатилди.
Унда гўё мазкур тиббиёт муассасасининг ходимлари 27 сентябрь, якшанба куни ишга чақирилиб, бу ерда COVID-19га қарши курашиш бўйича сall center ташкил этилиши муносабати билан поликлиникани бўшатиб, нарсаларини олиб кетишлари буюрилган. Бу эса муассасада ишловчилар норозилигини келтириб чиқаргани айтилади.

Ҳолат Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбариятида тузилган Ишчи гуруҳи томонидан жойида ўрганилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати.
Маълум бўлшича, мавжуд вазиятга ниҳоятда юзакичилик билан баҳо берилгани ҳолда мазкур муассасада ишловчи тиббиёт персоналларидан бири томонидан қўл телефонида тасвирга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаштирилган юқоридаги шикоятда келтирилганидек, бунда меҳнат қилиб келаётган 200 дан ортиқ тиббиёт ходимининг ишсиз қолдирилаётганлиги тўғрисидаги гап-сўз мутлақо ҳақиқатдан йироқ.
Юртимизда COVID-19 касаллиги билан боғлиқ оғир асоратлар, юртдошларимиз бошига тушаётган ташвиш, мусибатларнинг олдини олиш, “кўринмас ёв”га қарши самарали курашиш мақсадида кўрилаётган кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар ҳақида кўп ва хўб гапириш мумкин. Расмийларнинг маълумотига кўра, юртдошларимизга қулайлик яратиш, бу касалликка гумонланган фуқароларга яқиндан ёрдам бериш, уларни текширувдан ўтказиш мақсадида айнан 11-сонли кўп тармоқли тиббиёт поликлиникасини саралаш пунктига айлантириш кўзда тутилган. Бу марказ айни кунда 280 га яқин тиббиёт персонали фаолият олиб бораётган тўрт қаватли муассасанинг биринчи қаватига жойлаштириладиган бўлди. Шу кунгача поликлиниканинг биринчи қаватида фаолият олиб борган УЗИ аппарати хонаси, тор доирадаги акушер гинеколог, дермотолог, педиатр шифокорлар қабуллари иккинчи ва учинчи қаватларга кўчирилгани ҳолда одатдагидек, ўз иш фаолиятини давом эттирмоқда. Кундалик қабул қилинаётган беморларга қулайлик яратиш мақсадида иккинчи қаватдан дорихоналар учун ҳам махсус жой ажратилиб, дори-дармон нархи алоҳида назоратга олинган.
Шунингдек, COVID-19 касаллиги билан гумонланганлар учун бинодан махсус кириш-чиқиш йўлаги ҳозирланган ва бошқа касалликлар билан оғриган беморлар учун уларнинг хавф-хатари олдини олишга алоҳида эътибор кучайтирилган. Аниқроғи, инфекционист, пульмонолог, гинеколог, педиатр, психолог ва эпидемиолог шифокорлар, рентген хонаси ва касалликни зудлик билан аниқлаш мақсадида махсус лабораториялар ташкил этилган.
Хулоса шуки, тиббиёт ходимлари меҳнати ва зиммаларидаги масъулиятни қадрлаган ҳолда, ҳоҳ у шифокор ёки ҳамшира бўлсин, шу кеча-кундузда айнан вилоят марказидаги 300 мингдан ортиқ аҳолига бирламчи малакали тиббий хизмат кўрсатиб келаётган 11-сон кўп тармоқли поликлиникада фаолият олиб бораётган бирор-бир тиббиёт ходими ишсиз қолдирилмайди.
Маълумот учун, вилоятда COVID-19 касаллиги билан оғриган беморлар учун 2 минг 630 ўринли 19 та стационар клиникалар тайёрланган. Ва улар зарур тиббий восита ва ускуналар билан таъминланган. Шунингдек, эҳтимолий эҳтиёжни инобатга олиб, вилоятдаги спорт мажмуалари, таълим муассасалари ётоқхоналари, хусусий клиникалар (жами 16 та объект)да 2 минг 350 та захира ўринлари тайёрланиб, куз-қиш мавсумига тайёр ҳолга келтирилган, дейилади расмий муносабатда.






