1

Энди мактаб директори йил якуни бўйича дастур ижроси ҳақида маҳаллий кенгашда ҳисобот беради - Президент

СИЁСАТ 01.10.2020, 00:52
Энди мактаб директори йил якуни бўйича дастур ижроси ҳақида маҳаллий кенгашда ҳисобот беради - Президент

Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва муаллимларнингнуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилашни таклиф қилди. Ўқитувчилар хизмат фаолиятига аралашиш жавобгарликка сабаб бўлишини қатъий таъкидлади:

“Ўқитувчиларга устамалар тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши зарур. Амалда бу масала ўта мураккаблиги ва ортиқча қоғозбозлик талаб қилиши ҳам ҳақиқат. Бунда аксарият эскирган қонуности ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, бекор қилинса, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишини, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қатъий белгилаш лозим.

Қонунда, шунингдек, мактаб директорига қўйиладиган талаблар, унинг асосий вазифалари ва фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳамда ҳисобот бериш тартибини белгилаш зарур”.

Мактаб директори лавозимини танлов асосида, мактабни келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича энг яхши дастурга эга номзод эгаллаши кераклиги,улар йил якуни бўйича дастур ижроси ҳақида маҳаллий кенгашда ҳисобот бериши, унинг фаолиятига халқ вакиллари томонидан очиқ-ойдин баҳо бериб борилиши ва унга интизомий жазо бериш ҳамдалавозимидан озод этиш масалалари ҳам маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди. Бу борада Парламент аъзоларидан маҳаллий кенгашларнинг мактаблар билан ишлаш тизимини алоҳида назоратга олиб, ушбу жараёнларга яқиндан кўмак беришлари учун Олий Мажлис палаталарига(Т.Норбоева, Н.Исмоилов)икки ой муддатда умумтаълим мактаблари билан ишлашни янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

“Келгуси икки йил давомида мактабларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш харажатларини 2 баробар ошириш, уларни замонавий жиҳозлар ва кўргазма қуроллари билан тўлиқ таъминлаш лозим.

Афсуски, бугунги кунда туман ва шаҳар халқ таълими мудирларининг тизимдаги ўрни сезилмаяпти. Уларнинг фаолияти асосан хўжалик ишларини назорат қилиш ва тегишли жазо чоралари қўллашдан иборат бўлиб, таълим сифати билан шуғулланиш иккинчи даражали масалага айланиб қолган. Мазкур раҳбарларнинг тизимдаги ролини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг мақомини оширишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Бундан буён туман халқ таълими бўлими мудирлари ҳокимнинг маориф бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб боради ва бевосита ҳокимлик биносида ўтиради. Шунга мос равишда уларга зарур ваколатлар берилади. 

Бундан ташқари, таълим соҳасини ривожлантириш мақсадида туман ва шаҳарларда алоҳида жамғарма ташкил этсак, нима дейсизлар?

Жамғарма маблағлари илғор ва намунали мактаб раҳбарлари ҳамда халқ таълими бўлимлари методистларини рағбатлантиришга йўналтирилади”, – деди давлат раҳбари.

Бу бўйича Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Қўчқоров), Молия вазирлиги (Т.Ишметов) бир ой муддатда ушбу жамғармани ташкил этиш ва унинг молиявий манбаларини шакллантириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашлари кераклиги айтилди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1