Бу машқлар қайси касалликларда мумкин ва қандай ҳолларда уларни бажариш мумкин эмас?
Ушбу саволга АОКАда ўтказилган брифингда иштирок этган Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова қуйидагича жавоб берди:
- Нафас гимнастикаси нафас тизимининг (бронх, ўпка) барча касалликларида тавсия этилади.
Фақат машқлар мажмуаси ва давомийлиги ташхисга қараб ўзгаради. Шунингдек ушбу машқлар бемор кўп вақтини тўшакда даволаниб ўтказадиган барча касалликларида ҳам ишлатилиши керак. У миастения (мушаклар кучсизлиги), доимо ётоқда бўлиш сабабли мушак кучининг камайиши билан оғриган барча беморлар учун фойдалидир.
Ушбу гимнастика тури беморнинг тана ҳарорати 38° даражадан юқори бўлганда, юқори қон босимида ва юрак тез уриши даврида ҳамда организм оч ҳолатида ва дарҳол овқатдан сўнг ҳам ўтказилиши тавсия этилмайди.
Ушбу машғулотлар даврида нафас қисилиши, бош айланиши, кучли ҳолсизлик, кўнгил айниши, сатурациянинг пасайиши ҳолатлари кузатилса, у ҳолда машқларни дарҳол тўхтатиш зарур.
Машғулотларни организмга зўриқиш бериб бажариш мумкин эмас. Агар бу ҳолат ҳар сафар такрорланса, машқлар мажмуаси юкламасини енгиллаштириш тавсия этилади.
Гимнастика билан кунига 3-4 марта шуғулланиш керак. Давомийлиги беморнинг машқларни кўтара олиш холатига боғлиқ. Секин-секин давомийлик ва машқлар юкламаси ортиб бораверади, - деди Барно Абдусаматова.






