“Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4847-сон, 02.10.2020 й.) қабул қилинди. Қарорга кўра: Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилди; Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори лавозими тугатилди. Қарорга мувофиқ: Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари соғлиқни сақлаш вазири томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари билан келишилган ҳолда; ҳудудий тиббиёт муассасалари раҳбарлари эса соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари билан келишилган ҳолда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади. 2020 йил 1 ноябрдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий бошқарув органлари ходимларига қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда): 1 йилдан 3 йилгача – 0,3; 3 йилдан 5 йилгача – 0,6; 5 йилдан 10 йилгача – 0,8; 10 йилдан 15 йилгача – 1; 15 йилдан 20 йилгача – 1,2; 20 йилдан юқори – 1,5. |
03.10.2020 15:06