АсосийЖАМИЯТ

2020 йил 15 октябрдан кейин қўшимча харажатга тушишни истамасангиз...

Жисмоний шахслар ҳар йили ўз эгалигидаги мол-мулк ва ер учун солиқ тўлаб бориши қонунчилиг...

'2020 йил 15 октябрдан кейин қўшимча харажатга тушишни истамасангиз...'ning rasmi

Жисмоний шахслар ҳар йили ўз эгалигидаги мол-мулк ва ер учун солиқ тўлаб бориши қонунчилигимизда ўз ифодасини топган. Бу тоифа солиқларини тўлаш 15 октябрга қадар амалга оширилиши шарт. Хўш, мол-мулк ва ер солиқлари қандай ҳисобланади, улар қанча миқдорда бўлиши лозим, бу турдаги солиқларни кимлар тўлаши керак? Бу борада кимларга имтиёзлар берилади? Ушбу саволларга жавоб топиш учун Давлат солиқ қўмитаси катта инспектори Дилдора ҲАШИМОВАга мурожаат қилдик.

— Солиқ кодексининг 423 ва 440-моддаларига мувофиқ, жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқлари тўлаш муддати солиқ даври учун солиқни тўлаш тенг улушларда 15 апрелга ва 15 октябрга қадар амалга ошириши белгиланган.

МАСАЛАН...

Жисмоний шахс эгалигидаги кўчмас мулки бўйича 2020 йил учун 120 минг сўм мол-мулк солиғи ҳисобланган. Бунда солиқ суммаси тенг улушларда, яъни 60,0 минг сўми 15 апрелга қадар, қолган 60,0 минг сўми 15 октябрга қадар тўланиши керак.

Агар жисмоний шахс томонидан 15 апрелга қадар тўланиши лозим бўлган 60,0 минг сўм солиқ суммаси бугунги кунга қадар тўланмаган бўлса, солиқни тўлаш кунидан кейинги кундан бошлаб, яъни 16 апрелдан бошлаб  солиқни тўлаш бўйича мажбуриятни бажариш кечиктирилган ҳар бир календарь кун учун 0,046 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.

КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИ САБАБ...

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармонининг 5-бандига асосан жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилди.

Шунга кўра, 2020 йил 15 апрелга қадар жисмоний шахс­лар томонидан тўланиши лозим бўлган мол-мулк ва ер солиқлари учун ҳеч қандай пеня ҳисобланмайди ва мажбурий ундириш чоралари кўрилмайди.

Эндиликда фуқароларимиз эгалигидаги кўчмас мулки ва ер участкалари учун  ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқлари тўловини 2020 йил 15 октябрга қадар амалга оширишлари мумкин.

КЕЧИКТИРИЛГАНДА...

— Агарда жисмоний шахслар томонидан 2020 йил 15 октябрга қадар мол-мулк ва ер солиқлари тўлови амалга оширилмаса, белгиланган муддатдан кечиктириб тўланган солиқ суммасига ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,046 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.

ЭСЛАТМА!

Давлат солиқ қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни банкка бормасдан “SOLIQ” мобил иловаси, “CLICK”, “U-PAY”, “MBANK” ва “PayMe” тўлов тизимлари ёрдамида мобил телефон ёки интернет орқали онлайн режимда тўлаш имконияти яратилган. Ушбу тўлов тизимидан фойдаланиш фуқаролар учун бепул ва амалга оширилган тўловлар учун комиссион тўлов олинмайди. Шунингдек, тўланган солиқлар ҳақидаги маълумотлар солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкаларига автоматик равишда қайд қилинади.

КИМЛАРДА ИМТИЁЗ БОР?

Солиқ кодексининг 421-моддаси талабларига кўра, қуйидагиларнинг мулкида бўлган мол-мулк солиқ солишдан озод этилади:

1. “Ўзбекистон Қаҳрамони”, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқароларнинг. 

Мазкур имтиёз тегишинча “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг маълумотномаси асосида берилади;

2. Уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар.

Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади; 

3. Собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки майиб бўлганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ва бева хотинлари (бева эрлари)

Ушбу имтиёз “Ҳалок бўлган аскарнинг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)” ёки “Ички ишлар органлари ҳалок бўлган ходимининг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)” штампи қўйилган ёхуд пенсия гувоҳномасини берган муассаса раҳбарининг имзоси ва ушбу муассаса муҳри билан тасдиқланган тегишли ёзувли пенсия гувоҳномаси асосида берилади. 

Агар мазкур шахслар пенсионер бўлмаса, солиқ имтиёзи уларга собиқ СССР Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик қўмитаси ёки Ички ишлар вазирлигининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва ҳарбий хизмат назарда тутилган бошқа идораларнинг тегишли органлари томонидан берилган ҳарбий хизматчининг ёки ички ишлар органлари ходимининг ҳалок бўлганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида берилади. 

Собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида ёки фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ёхуд ички ишлар органлари ходимларининг бева хотинларига (бева эрларига) солиқ имтиёзи фақат улар янги никоҳдан ўтмаган тақдирда берилади; 

4. Энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга. 

Мазкур имтиёз энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида энергия таъминоти ташкилотлари томонидан берилган маълумотнома асосида тақдим этилади. 

Қуйидаги жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган мол-мулк олтмиш квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади: 

1. Ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор ота-оналаридан бирининг. Мазкур имтиёз фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг болалар борлигини тасдиқловчи маълумотномаси асосида берилади;

2. Пенсионерларнинг. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси асосида берилади; 

3. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

Ушбу моддада кўрсатиб ўтилган солиқ имтиёзларига эга бўлган шахслар солиқ 
имтиёзини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этади. 

Ушбу моддада белгиланган солиқ имтиёзлари мулкдорнинг танловига кўра фақат битта яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулк объектига татбиқ этилади, бундан ушбу модда биринчи қисмининг 4-бандида кўрсатилган шахслар мустасно.

БУТУНЛАЙ ОЗОД ЭТИЛГАНЛАР ҲАМ БОРМИ?

Солиқ кодексининг 436-моддасига кўра, қуйидаги жисмоний шахс­лар ер солиғидан озод қилинади:

1. “Ўзбекистон Қаҳрамони”, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар. Мазкур имтиёз “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони ва Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;

2. Уруш ногиронлари ва қатнаш­чилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади;

3. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;

4. Ёлғиз пенсионерлар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан бирга алоҳида уйда яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади;

5. Боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар. Ота-онасидан бири ёки ота-онаси вафот этган ҳамда оилада ўн олти ёшга тўлмаган бешта ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир. Мазкур имтиёз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;

6. Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганлик учун имтиёзлар оладиган фуқаролар (шу жумладан вақтинча юборилган ёки хизмат сафарига юборилган) фуқаролар. Мазкур имтиёз тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси, ногиронлиги бўлган шахснинг махсус гувоҳномаси, Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатиш иштирокчисининг гувоҳномаси, шунингдек ваколатли органлар томонидан берилган ва имтиёзлар бериш учун асос бўладиган бошқа ҳужжатлар асосида берилади;

7. Энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар – қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга. Мазкур имтиёз энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида энергия таъминоти ташкилотлари томонидан берилган маълумотнома асосида берилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган солиқ имтиёзлари, бундан 5-бандда кўрсатилгани мустасно, якка тартибдаги уй-жой қурилиши, деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органда рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга берилади. Бунда мазкур солиқ имтиёзлари солиқ тўловчининг танлови бўйича фақат битта ер участкасига берилиши мумкин. Бундан ушбу модда биринчи қисмининг 7-бандида кўрсатилган шахслар мустасно.

ҚАТЪИЙ ТАЛАБ...

— Ушбу моддада кўрсатилган солиқ имтиёзларига эга бўлган шахслар солиқ имтиёзларини олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларини ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этади.

Мафтуна ЖЎРАЕВА тайёрлади

МАНБА: "ДАРАКЧИ" ГАЗЕТАСИ (№ 35 (1114) 01.10.2020)

    Бошқа янгиликлар