Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан маиший истеъмолчилардан электр энергияси учун ҳисоб-китобларда муаммолар юзага келаётгани тўғрисида келиб тушаётган мурожаатлар ҳамда ижтимоий тармоқларда, шу жумладан, жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани истеъмолчилари ўртасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатлар Агентлик ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ масъул ходимлари иштирокида жойига чиқиб ўрганилди.
Фаррух Мадаминов, Таҳлил ва стратегик дастурларни ишлаб чиқиш йиғма бошқармаси бошлиғи:

– Aҳоли билан ўтказилган суҳбатлардаэлектр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган истеъмолчилар жорий йилнинг 16 сентябрь куни электр энергиясидан қарздорлик учун узиб қўйилганлиги, тегишли тўловлар амалга оширилган бўлишига қарамай, абонентларни тармоққа қайта улаш ишлари маълум муддатга кечикаётганлиги маълум бўлди.
Туман электр тармоқлари корхонаси масъул ходимлари томонидан берилган тезкор маълумотларга кўра, Мирзо Улуғбек туманидаги электр энергияси маиший истеъмолчиларининг 4200 таси қарздорлик учун 16 сентябрь куни тармоқдан автоматик равишда узилган, улардан 3 600 га яқини 16-17 сентябрь кунлари амалга оширилган тўлов эвазига тармоққа қайта уланган ва қолган 600 та абонентларнинг тармоққа уланиши таъминланмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 126-бандига асосан, электр энергияси истеъмолчилари, шу жумладан:
- электр энергияси етказиб беришнинг тўхталиши ёки тўхтатиб қўйилиши сабаблари тўғрисида белгиланган тартибда ахборот олиш;
- электр энергияси етказиб берилиши тўхтатилганда етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқларига эга.
Шунингдек, мазкур қоиданинг 131-бандида ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг мажбуриятлари, жумладан:
- ускуналарни, электр узатиш линияларини, электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини эксплуатация қилиш, уларга хизмат кўрсатиш ва ускуналарни таъмирлаш, шунингдек, ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида носозликларни бартараф этиш;
- электр энергиясини электр тармоқларининг баланс бўйича мансублик бўлиниш чегарасига электр таъминоти шартномасида кўрсатилган ҳажмда узлуксиз етказиб бериш;
- истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришнинг тўхтатиб турилиши ва бунинг сабаблари тўғрисида маълумот бериш;
- истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергиясини белгиланган тартибда ҳисобга олиб бориш белгиланган.
ҚАРЗДОРЛИК ТЎЛАНГАНДАН КЕЙИН ҚАЙТА УЛАШ КЕЧИКМАСЛИГИ КЕРАК
– Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сонли қарори билан тасдиқланган Истеъмолчиларни электр энергияси ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги Низом талабларига асосан, истеъмолчиларни электр тармоқларидан узиб қўйиш – шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда, шу жумладан, фойдаланилган электр энергияси учун қарздорлик мавжуд бўлганда, ўз навбатида истеъмолчилар электр тармоқларига қайта улаш истеъмол қилинган электр энергияси учун қарзлар тўланганда амалга оширилиши белгиланган. Бунда истеъмолчилар электр тармоқларига аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилгандан, шу жумладан, қарздорлик тўлангандан ке-йинги кундан кечиктирмай қайта уланиши лозим. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига асосан эса, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт. Шу муносабат билан, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва истеъмолчилар билан уларга электр энергиясини етказиб бериш бўйича муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги белгилари бўйича ''Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси'' АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузилганлигини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссиясининг “Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi” АЖга нисбатан, электр энергиясидан қарздорлик учун узилгани, кейинчалик тегишли тўло в амалга оширилган бўлишига қарамай, тармоққа ўз вақтида қайта уланиши таъминланмаганлиги натижасида истеъмолчилар ҳуқуқларини бузилганлиги юзасидан қўзғатилган иш кўриб чиқилди.
Махсус комиссия қарорига кўра, “Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi” АЖ “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нинг 19-моддаси биринчи қисми, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 131-банди ва 2017 йил 10 июлдаги 484-сонли қарори билан тасдиқланган Истеъмолчиларни электр энергияси ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 19 ва 20-бандлари талабларига риоя қилмаслик қонунбузарлигини содир этган деб топилди.
Шунингдек, “Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi” АЖга юқорида келтирилган қонун ҳужжатлар талабларини бузилиш ҳолатларини тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.
ОЛМАЗОРДА ҲАМ ШУ МАСАЛА...
Дарвоқе, айни шундай ҳолатга Тошкент шаҳри Олмазор тумани истеъмолчилари ҳам тўқнаш келган. Ўрганиш жараёнида Олмазор туманида 3100 та абонент тармоқдан узилганлиги ва тегишли тўловни амалга оширган истеъмолчиларни тармоққа қайта улаш чоралари кўрилаётганлиги аниқланди. Бу борада соҳа мутасаддилари томонидан берилган дастлабки ахборотларга кўра, дастурий таъминотда кучланиш ортганлиги ва маълумотлар алмашинувида қисқа техник носозликлар юзага келганлиги сабабли кўп сонли абонентлар автоматик равишда қайта уланмай қолган.
МУҲИМ КЎРСАТМА
Агентлик келтирилган ҳолатлар бўйича мутасаддиларга юзага келган муаммоларни ва аҳолининг оворагарчилигига сабаб бўлувчи омилларни тезкор равишда бартараф этиш чораларини кўриш, тўловларни қабул қилиш ишларини ва аҳолидан эътирозларни қабул қилиш диспетчерлик алоқа хизматлари фаолиятини янада кучайтириш (кўпроқ ходимларни жалб қилиш, иш вақтини туну кун ташкил қилиш), маълумот алмашинуви ва тармоққа қайта улаш ишлари тезкорлигини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.
МУРОЖААТ!
Агар савдо ва хизмат кўрсатувчилар ҳуқуқларингизни қонунга хилоф равишда поймол этишса, Республиканинг қайси ҳудудида бўлишингиздан қатъи назар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва “Даракчи” нашри ҳамкорлигида ташкил этилган “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳаси сизга ёрдамга келади. Бунинг учун сиз ҳафтанинг ҳар сешанба куни соат 10:00 дан 16:00 гача газетанинг (+998 95) 194-64-16 ва ҳафтанинг иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача Агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Фақат мурожаат қолдиришдан олдин “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳасига дейишни унутманг.
Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади
МАНБА: "ДАРАКЧИ" ГАЗЕТАСИ (№ 35 (1114) 01.10.2020)






