Паркент тумани ҳокимлиги захира бюджетидан 269 млн сўм ажратиб, 260 млн сўмга "Каптива" русумли автомобил харид қилгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқ ва маҳаллий интернет-нашрларда кенг тарқалган ва бу юзадан Паркент тумани ҳокимлиги изоҳ берган эди.
Ўз навбатида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокимлиги томонидан “Mega Karer” МЧЖдан Captiva русумли автомобиль 260 млн сўмга сотиб олингани тўғрисидаги хабар бўйича Бош прокуратурага сўровнома юборган эди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати ушбу масала юзасидан прокуратура идоралари томонидан Паркент туман ҳокимининг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув тадбирлари ўтказилганлигини айтмоқда.
Текширишлар давомида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаби бузилгани, хусусан автомашина сотиб олишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланган.
Натижада туман ҳокимининг автомашина сотиб олиш тўғрисидаги фармойиши бекор қилинган ва “Mega Karer” МЧЖ томонидан 260 млн. сўм пул маблағлари туман ҳокимлиги ҳисоб рақамига қайтариб ўтказиб берилган. Ҳозирда Тошкент вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув давом этмоқда.






