АсосийЖАМИЯТ

Вазирлар Маҳкамаси ходими Қамаши туманига ҳоким бўлди, қамашиликлар эски ҳокимини кўзда ёш билан кузатди (фото)

Aввалроқ, Қамаши тумани ҳокими Шерали Санаев Миришкор туманига ҳоким этиб тайинлангани ҳақ...

'Вазирлар Маҳкамаси ходими Қамаши туманига ҳоким бўлди, қамашиликлар эски ҳокимини  кўзда ёш билан кузатди (фото)'ning rasmi

Aввалроқ, Қамаши тумани ҳокими Шерали Санаев Миришкор туманига ҳоким этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик. 

Бугуннинг ўзида Халқ депутатлари Қамаши тумани кенгашининг ҳам навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилиб, Тоғаев Ботир Нормаҳмадович тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Б.Тоғаев 1976 йилда Китоб туманида туғилган. У 2001-2015 йиллар давомида вилоятнинг Шаҳрисабз, Китоб ва Касби туманларида ҳам қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида самарали фаолият олиб борган.

Бугунгача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Aграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибият мудири лавозимида ишлаб келган.

Миришкор тумани ҳокими этиб тайинланган Шерали Санаевни Қамаши халқи ва депутатлари қувонч кўз-ёшлари ҳамда олқишлар билан кузатди. Шунинг баробарида, Шерали Санаев ҳам ўз оиласидек бўлиб қолган аҳил жамоа ва бағрикенг тумандошлари билан худди шу йўсинда хайрлашди.

- Ҳар бир раҳбарни мана шундай қувонч кўз-ёшлари билан кузатиш насиб қилсин, - деди Зойир Мирзаев. - Ҳамма раҳбарлар ҳам мана шундай ҳурмат ва эътибор билан кузатилавермайди. Бунинг замирида халққа хизмат ва фидойилик ётади.

Вилоят сектор раҳбарлари, депутат ва нуронийлар янги тайинланган ҳокимларга қўлларини дуога очиб, омад ва зафарлар тилашди.

 

    Бошқа янгиликлар