Жорий йилнинг 7 октябрь куни ижтимоий тармоқда “Сизга бўлаверадими бошлиқ???” сарлавҳаси остидаги сурат ва ушбу суратга берилган изоҳ тарқалди.
ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, суратда Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБга тегишли бўлган “Малибу” русумли, 40 110 VSF давлат рақам белгили транспорт воситаси йўл ҳаракати қоидаларининг 88, 89-бандларида белгиланган талабларни бузган ҳолда тўхтаб турганлиги акс этган.

Мазкур ҳолат вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан ўрганилди ва ушбу транспорт воситаси ҳайдовчиси Б.Ю.га нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилди.
Ҳайдовчиларнинг қоидабузарликларига эътиборсиз бўлмасдан, жамоатчилик назорати ривожланишига ўз ҳиссасини қўшаётган фуқароларга миннатдорчилик билдирамиз.
"Хизмат автомашиналари бириктирилган ҳайдовчи ходимлардан эса белгиланган қоидаларга амал қилишларини сўраб қоламиз" дейилади хабарда.






