Россиянинг Волгоград областида жойлашган Волжский шаҳридан 900дан кўпроқ Ўзбекистон фуқаролари поездда ватанга жўнатилди. Бу ҳақда Волгабўйи темир йўл ахборот хизмати манбасига таяниб Кун.уз маълум қилди.
Волгабўйи темир йўли вакилининг маълум қилишича, 8 октябрь маҳаллий вақт билан соат 21:57да (Тошкент вақти билан соат 22:57да) Волжский – Тошкент поезди билан 938 ўзбекистонлик ватанга қайтарилган.
Унинг таъкидлашича, бу поезд Ўзбекистон фуқароларини ушбу ҳудуддан олиб чиқишга мўлжалланган 5-махсус поезддир. Волжскийдан ҳаммаси бўлиб Ўзбекистонга 4,5 минг киши жўнаган. Шунингдек, “РЖД” қолган ўзбекистонликларни ватанга жўнатиш бўйича қўшимча поездлар белгилаш масаласини кўриб чиқмоқда.
“Ҳозирда Волжскийдаги мусулмон маданий-оқартув марказида Ўзбекистоннинг 450 фуқароси қолмоқда. Улар егулик, ётоқ билан таъминланган. Ҳукумат, хайрия ташкилотлари ҳамда шунчаки бефарқ бўлмаган одамлар юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бермоқда”, деб маълум қилган Волгоград области мусулмонлар марказий диний бошқармаси муфтийси Абдулла Ҳожи.






