Аввал хабар берганимиздек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан олиб борилган музокаралар натижасида ўзбекистонлик 14 нафар фуқаро “Тошкент-Истанбул-Сеул” транзит авиарейси орқали учиб кетган эди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан олиб борилган музокаралар натижасида 9 октябрь куни кузатиб қўйилган 14 нафар фуқаро “Тошкент-Истанбул-Сеул” транзит авиарейси орқали учиб келди ҳамда Инчон аэропортида Ваколатхона ходимлари томонидан кутиб олинди.
Сўнгра янги ўрнатилган тартибга мувофиқ, барча йўловчилар махсус ходимлар кузатувида меҳмонхонага жойлаштирилди. Коронавирусни аниқлаш учун топширилган тест жавоби натижаларидан келиб чиққан ҳолда фуқаролар карантин муддатларини ўташ учун манзилларига кузатиб қўйилади. Мазкур 14 нафар фуқаро 13 июлда Жанубий Кореядаги иш жойига жўнаб кетиши режалаштирилган бўлиб, бироқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги эпидемиологик вазиятни кескинлашганлиги сабабли қолдирилган эди. Маълумотларга кўра, Корея Республикасида ишлаш вақтида меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган баъзи фуқаролар Туркия ва бошқа давлатлар орқали Корея Республикасидаги иш жойига боришга ҳаракат қилган ва улар ушбу давлат аэропортидан Ўзбекистонга қайтарилган. Фуқаролардан ушбу ҳолатга ўхшаш таваккалчиликларни қилмасликларини маслаҳат берамиз.