Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Саъдулла Ҳаким вафот этди. Бу ҳақда журналист Фарруҳ Ҳамроев ўзининг фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Cаъдулла Ҳаким 1951 йил 25 мартда Жиззах вилояти, Фориш туманидаги Гараша қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2002). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1977). «Ҳамал тонглари» (1981), «Сен кутган баҳор» (1986), «Ёз оқшоми» (1996), «Она сўз» (2000), «Сайланма» (2001), «Кўнгил юзи» (2006) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Публицистик асарлари ҳам бор («Эсимда қолган кунлар», «Атом қаърига саёҳат»). А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, С. Есенин, Гёте каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган. Ўзбекистонда социал таъминот” журнали масъул котиби, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бўлим мудири, “Ўзбекистон овози” газетаси бўлим мудири, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси масъул котиби, “Маърифат” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари, раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари, “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги бош директори, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири лавозимларида ишлаган.
2016 йилнинг 29 декабридан бугунга қадар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Фозил Фарҳод Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимовга таяниб, Саъдулла Ҳакимнинг вафот этгани ҳақидаги хабарни инкор этиган эди.
Биз ҳам таҳририятимиз номидан етук журналистнинг яқинларига сабр тилаймиз. Аллоҳ марҳумни раҳматига олсин!






