Интернетда 9 октябрь куни соат 00.40 атрофида Мирзо-Улуғбек тумани Осиё кўчасида автомобиль йўловчиси ва Ички ишлар вазирлиги ходими ўртасида содир бўлган воқеа видеоси тарқалди.
Мазкур факт бўйича Тошкент шаҳар ИИББ расмий изоҳ берди.
Унда билдирилишича, видео, ҳужжатларини текшириш учун тўхтатилган Кобальт автомашинаси йўловчиси томонидан суратга олинган. Салонда йўловчи сифатида бўлган фуқаро ҳолат видеога олинаётганидан норозилик билдирган. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими йўловчига Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимларининг хизмат олиб боришлари видеога олинаётганини тушунтирди, аммо тушунтиришлар йўловчини қониқтирмагач у мобиль телефонининг камерасини ёққан. Шу муносабат билан биз қуйидагилар тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилишни лозим топдик.
Ҳужжатлар текширилиб, профилактик суҳбат ўтказилгач, фуқаролар қўйиб юборилди. Ходимларнинг ҳаракатлари қонун доирасидан чиқмаган ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳам бузилмаган. Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ички ишлар органлари ходимлари фуқаролардан ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга ҳақлидирлар (17-модда). Бундан ташқари, ички ишлар органлари ходимлари (16-модда) ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича барча зарур чораларни кўришга мажбурдирлар. Шу билан бирга, юқорида қайд этилган қонунга (10-модда) мувофиқ фуқаролар, барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажаришлари лозим.
Шунингдек ИИББ маълум қилишича, шу кунларда пойтахтда прокуратура ходимлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан биргаликда жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни содир этишга мойил шахсларни, шу жумладан пичоқ олиб юрган фуқароларни аниқлашга қаратилган профилактика чоралар кўрилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам мазкур тадбирларда қатнашмоқдалар, тадбирларнинг натижалари телеканалларда, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ёритилади.
"Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва шаҳримиз меҳмонлари! Биз сизни бефарқ бўлмасликка, сизга маълум бўлган қонун бузилиши фактлари тўғрисида хабар беришга, шунингдек ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини тушунишга чақирамиз", дейилади бошқарма изоҳида.






