АсосийSalomatlik

Қондаги ҳар бир қўшимча 1 мг рух моддаси коронавирусдан вафот этиш хавфини 7 фоизга камайтиради

'Қондаги ҳар бир қўшимча 1 мг рух моддаси коронавирусдан вафот этиш хавфини 7 фоизга камайтиради'ning rasmi

Тушкун кайфият, чарчоқ, ҳаётга бўлган қизиқишнинг сўниши рух етишмаслигининг асосий белгилари ҳисобланади. 

Инсон организмида рух моддаси танқис бўлса, аввало, сезиш қобилиятлари – кўриш, ҳидлаш, таъм билиш издан чиқади. Бу эса иштаҳа йўқолиши, овқат ҳазмининг бузилишига олиб келиши мумкин. Соч тўкилиши, тирноқларда оқ доғлар пайдо бўлиши, дерматит ва яраларнинг секин битиши, суякларнинг мўрт бўлиб, ревматизм ва артрит касалликлари келиб чиқиши ҳам рух етишмаслиги туфайлидир.

Иммунитетимиз ҳолати шу минералга боғлиқ бўлиб, шамоллаш ва гриппнинг дастлабки белгилари намоён бўлганда, витамин С билан бирга рух моддаси тавсия этилади. У қонда доимий кислотали-ишқорли муҳитни сақлайди, тўқима регенерацияси учун масъул, инсулин ҳосил бўлишини ва мушаклар қисқаришини бошқаради.

Бугунги кунда мутахассислар инсон организмида рух моддаси етишмаслиги коронавирус билан касалланиш хавфи юқори эканидан дарак берувчи белги, деб ҳисоблашмоқда. Европа клиник микробиология ва юқумли касалликлар жамияти конференциясида тақдим қилинган тадқиқот натижаларига кўра, қонда рух моддасининг кам бўлиши коронавирусга чалиниш хавфини орттиради.

Хўш, рух моддаси ва коронавирус ўртасида қандай боғлиқлик бор? Иммунитетнинг вирусларга қарши курашиш қобилияти рух моддасининг қондаги концентрациясига боғлиқдир. Тадқиқот муаллифлари COVID-19 ташхиси билан шифохонага келган 249 нафар беморни ўрганган. Беморлар ўртача 63 ёшда, уларнинг 55 фоизи эркак бўлган. Коронавирусдан вафот этган беморларнинг деярли барчасида тирик қолганларга нисбатан рух моддаси миқдори кам эканлиги аниқланган. Тадқиқотчилар рух моддаси миқдори ва коронавирусни енгиш имкониятини баҳолашга ҳам муваффақ бўлган. Маълум бўлишича, қондаги рух моддасининг ҳар қўшимча микрограмми коронавирусдан вафот этиш хавфини 7 фоизга камайтиради.

Организмни табиий йўл билан рух моддасига қандай тўйинтириш мумкин, деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. ИИВ Марказий поликлиникаси терапевти Саломат Юсупова қуйидаги тавсияларни берди:

– Таркибида рух элементи кўп бўлган табиий мева-сабзавотлар, кўкатлар, зираворлар, дуккакли дон маҳсулотлари ҳамда улардан тайёрланган миллий таомларни истеъмол қилишга одатланиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, узум ва тут шинниси, ўрик ва аччиқ бодом данаги, қора майиз, туршак, ёнғоқ, кепакли нон, сумалак, картошка, помидор, нўхат, сут ва гўшт маҳсулотлари ҳамда тухум сариғининг таркибида рух моддаси кўп.

    Бошқа янгиликлар