15 октябрь куни соат 16-00 да, 26 ёшли Ш.И., ўзининг бошқарувидаги “Nexia” русумли автомашинасида Ғаллаорол тумани Булоқбоши қ.ф.й., Чувуллоқ қишлоғи ҳудудида Бахмал-Ғаллаорол йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган вақтида, ўзига нисбатан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган 28 ёшли Э.Р., бошқарувидаги “Nexia” русумли автомашинаси йўлига чиқиб кетиши оқибатида, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Натижада, ҳар иккала автомашина ҳайдовчилари йўл-транспорт ҳодисасида олган тан жароҳати сабаб ҳодиса содир бўлган жойда вафот этишган.

Шунингдек, марҳум Э.Р.,нинг бошқарувидаги “Nexia” автомашина йўловчиси Б.Ш., ҳамда Ш.И.,нинг бошқарувидаги “Nexia” автомашина йўловчиси А.У.,лар турли кўринишдаги тан жароҳатлари олиб, Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
266-моддаси 3-қисми “а” банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






