1

Фарҳод Маҳмудов: "Ўзбеккино" билан биргаликда лойиҳаларимизни амалга оширишда давом этамиз"

МАДАНИЯТ 16.10.2020, 14:40
Фарҳод Маҳмудов: "Ўзбеккино" билан биргаликда лойиҳаларимизни амалга оширишда давом этамиз"

Фарҳод Маҳмудов ўзбек киноси ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган киноижодкорлардан. ЎзА унинг Ўзбекистондаги ижодий фаолияти ҳақида суҳбат тайёрлади. Актёр "Ўзбеккино" билан ҳамкорлик режалари ҳақида ўртоқлашди ва амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар тўғрисида сўзлаб берди.

- Маълумки, шу кунларда "Ўзбеккино" раҳбарияти билан музокаралар ўтказдингиз. Унда қанақадир келишувларга эришилдими ёки янги лойиҳалар муҳокама қилиндими?

– Киноматографистларни тарбиялашга доир ғоя устида фаол иш бошладик. Маълумки, 30 йилдан ортиқ вақт ичида бу йил биринчи марта ўзбекистонлик 7 нафар ёшларимиз Бутунроссия давлат киноматография институти (ВГИК) талабаси бўлишди. Дарҳақиқат, бу кино саноатини ривожлантириш йўлидаги жиддий қадамдир – дейди Ф.Маҳмудов. 

– Бутунроссия Давлат киноматография институтига ўзбекистонлик талабаларни қабул қилиш охирги марта 1989 йилда амалга оширилган ва улар 1994 йилда мазкур ўқув юртини тугатган эди. Ўз мамлакатидан ташқарида билим олиш муҳимлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Инсонни ўзига қулай муҳитдан тортиб чиқарсанг, у ўз дунёқарашини кенгайтиришга мажбур бўлади, характери тобланади, ўзига бўлган талаби ортади ва вақтдан унумли фойдаланишга ўрганади. 

Бундай фавқулодда ҳолат инсоннинг ички салоҳиятини очиб беради. У дўстлар орттиради, демакки, алоқалари ҳам ортади. Буларнинг барчасини инобатга олиб, йил охиригача Бутунроссия давлат киноматография институтида Ўзбекистондан 15 та бўлажак киноматографчидан иборат курс ташкил қилишни режалаштирганмиз. Мен бу курснинг ўқитувчиси, раҳбари бўлишга умид қиламан.

- Ҳозир Сиз Ўзбекистонда фильмни суратга олишга тайёргарлик кўраётган экансиз. Лойиҳангиз ғояси, мазмуни ҳақида биз билан фикрларингизни бўлиша оласизми?

– Албатта. Бу "Пари совғаси" деб номланган 6+ тоифасидаги таъсирли ва яхшилик билан тугайдиган эртак. Ҳозир суратга олиш учун тайёргарлик жараёни кетяпти, суратга олиш эса баҳорда режалаштирилган. Лекин фильм учун актёрларни танлаш ноябрь ойида бошланади. Фильмда рус актёрлари ҳам, ўзбек санъаткорлари ҳам иштирок этади. Фильмни Бухоро, Самарқанд ва эҳтимол Хивада ҳам суратга олишни режалаштирганмиз. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, "ВЕГА" кинокомпанияси ва "Ўзбеккино" МАнинг ушбу фильми сўнгги бир неча ўн йилда Россия ва Ўзбекистоннинг илк жиддий ва тўлақонли қўшма киномаҳсулоти бўлади. Агар бу биринчи тажрибамиз муваффақиятли чиқса, "Ўзбеккино" билан биргаликда ва Россия маданият вазирлиги кўмагида навбатдаги лойиҳаларимизни амалга оширишда давом этамиз.

– Фарҳод ака, сўнгги йилларда мамлакатимизда ва хусусан кино соҳасида рўй бераётган ўзгаришларни қандай баҳолайсиз?

– Асл ўзбекистонлик сифатида ҳозирги кунда Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни кўраётганимдан фахрланаман. Мамлакатнинг бизнес ва сайёҳлик учун жозибадорлиги ортмоқда. Дарҳақиқат, ҳозир бизнесда ҳам, одамлар орасида ҳам Ўзбекистонга қизиқиш катта. Менимча, бу Ўзбекистонда олиб борилаётган доно ички сиёсат ва жуда очиқ ташқи сиёсат билан боғлиқ ва бу нафақат ўз маҳсулотларини, балки халқ маданиятини тарғиб қилиш учун мамлакатга қўшимча имкониятлар беради. Кино санъати вакили сифатида ушбу соҳани ривожлантириш, ҳамкорликни давом эттириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайман. Бугун кино соҳасида рўй бераётган ижобий ўзгаришларни кўриб турибман. Ҳеч қандай ҳолатда ҳам тўхтаб қолиш керак эмас.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1