Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро туризм университети биносида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида 1 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган "Samarkand half marafon" ярим марафони дастури бўйича пресс-конференция бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди:
"Таъкидлаш жоизки, бу йилги Самарқанд яриммарафони ҳам республика маданий ҳаётида муҳим ўринга эга бўлиб, аввалгидек, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт туризмини ривожлантиришдан ташқари, ушбу лойиҳа хайрия миссиясига, яъни аутизмга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Республика ҳукумати ушбу яриммарафон орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилаётган ва хайрия ишларини амалга ошираётган ҳамда узоқ муддатли таълим ва маданий лойиҳаларни ташкил этишда ташаббус кўрсатаётган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Шуни таъкидлашни истардимки, имконияти чекланган ва соғлом болаларни биргаликда ўқитиш ва тарбиялашни тизимли равишда жорий этиш, энг муҳими, жаҳон тенденциясига мувофиқ аутизм ҳақида гапиришда, биргаликда ҳаракат ва тадбирлар билан бутун аҳоли ўртасида ушбу муҳим мавзу бўйича хабардорликни сифат жиҳатидан оширмоқдамиз.
Шу билан бирга, эпидемиологик вазиятга қарамай, онлайн форматда югуришни ўтказиб, туризм соҳасини ривожлантириш даражасида дунёнинг турли мамлакатларидаги минглаб одамлар эътиборини республикамизга яна бир бор жалб қилишимиз мумкин. Шундай қилиб хорижий иштирокчиларнинг келажакда гўзал ва тарихий Самарқанд шаҳрига ташриф буюриш истагини уйғотамиз.
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Самарқандда профессионал спортчилар учун 21 км масофага мўлжалланган классик яриммарафонни ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Профессионаллар учун йўналиш ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Шу куни 09:00 дан 11:00 га қадар ушбу йўналишда профессионаллар учун югуриш бўлиб ўтади, ва 11:00 дан 21:00 гача бўлган вақт оралиғида бошқа иштирокчиларнинг хоҳишларига кўра, ҳар қандай масофани босиб ўтишлари, ҳатто финиш аркаси ёнида суратга тушишлари мумкин бўлади.
Самарқандда бўлмаган иштирокчилар учун югуриш виртуал форматда ўтказилади, бу эса ўз ўрнида кўплаб югурувчиларни жалб қилиш имконини ҳамда бутун дунё бўйлаб иштирокчиларга жой ва масофани ўзлари танлаш эркинлигини беради. Бу эса халқаро яриммарафонимизнинг географиясини оширишга хизмат қилади.
Бу йил аниқ белгиланган масофалар йўқ ва ҳар бир иштирокчи 1 км дан 50 км гача бўлган масофани ўз ҳоҳишига кўра босиб ўтади. 1 ноябрга қадар қатнашишни истаганлар яриммарафоннинг www.samarkandhalfmarathon.uz сайтида иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтиши лозим бўлади.
Aсосий эътибор жамоавий иштирокка, югуриш клублари ва корпоратив жамоаларни жалб қилишга қаратилади. Биз бутун дунё бўйлаб югурувчилар орасида жуда машҳур ва бепул бўлган GPS Strava мобил иловасини ишга туширганимиз сабабли финалчиларнинг якуний натижалари сайтга автоматик равишда юкланади. Натижаларнинг тўғри юкланиши учун Strava мобил иловасида аккаунтингизни шахсий кабинет билан биргаликда синхронлаштиришингиз лозим бўлади.
Эсингизда бўлса, югуриш учун рўйхатдан ўтишнинг очилиш кунида биз #moviynurtarat хэштэгига остида республика миқёсида ўзига ҳос акция ўтказган эдик. Aкция давомида кечки пайт Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидаги барча йирик бинолар аутизмнинг расмий рамзи бўлган мовий ранг билан ёритилган эди. Энди 2020-йилги Самарқанд яриммарафонининг барча иштирокчилари бизни ижтимоий тармоқлардаги фотосуратларида #moviynurtarat хештегини белгилаш орқали бизни қўллаб-қувватлаётганлигини ва тадбирда иштирок этаётганини кўришимиз мумкин бўлади.
1 ноябрь югуришнинг расмий ёпилиш кунида аутизм спектри бузилиши бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу акцияни такрорлашни режалаштирмоқдамиз.
Умид қиламизки, бу йилги биринчилик учун асосий кураш клублар, ҳудудлар ва жамоалар ўртасида бўлиб ўтадиган мусобақада республикамиз минтақалари ўзларини фаол намойиш этишади.
Aҳолини қамровини кенгроқ жалб қилиш мақсадида биз онлайн форматдаги иккита янги қўшимча – 1 км бўлган масофадаги “Болалар югуриши” ва “Скандинавча юриш” вариантларини қўшдик"

1 ноябрь – мусобақа кунида яриммарафоннинг расмий сайтида бутун дунё бўйлаб иштирокчилар томонидан югуриб ўтган километрларининг жами сони жонли эфирда узатилиб борилади. Шу куни югуриш натижаларига кўра, километрларнинг умумий сони энг катта бўлган жамоа ва ҳудуд ғолиб деб эълон қилинади.






