1

"Ҳақиқат қайси тарафда бўлса, биз шу тарафдамиз!" Бир қатор мультипликаторларнинг очиқ хатига "Ўзбеккино" муносабат билдирди

МАДАНИЯТ 18.10.2020, 17:49
"Ҳақиқат қайси тарафда бўлса, биз шу тарафдамиз!" Бир қатор мультипликаторларнинг очиқ хатига "Ўзбеккино" муносабат билдирди

Айрим мультипликаторларнинг "Ўзбеккино" муаммолари ҳақидаги очиқ хатига "Ўзбеккино" Миллий агентлиги расмий муносабат билдирди. Расмий баёнотни тўлалигича эълон қилмоқдамиз.

«Ўзбеккино»  МА кино соҳасидаги муаммолар билан боғлиқ барча нуқтаи назарларни ҳурмат қилишини билдиради. Бироқ, юқорида кўрсатилган «Сиз ким билансиз, жаноб  Бош директор?" деб номланган айрим мультипликаторларнинг «Ўзбеккино» муаммолари ҳақидаги очиқ хатини кўриб чиқиб, Агентлик ундаги айбловларни қатъиян рад этади ва бу материалнинг муаллифлари маълумотларни атайин бузиб кўрсатиб, жамоатчиликда янглиш фикрларни шакллантиришга уринган деб ҳисоблайди.

Мурожаатда кўтарилган танлов ва PR-акциялар ўтказилиши  каби баъзи бир мавзулар ҳақида баҳс-мунозараларга киришмасдан, Агентлик жамоатчилик эътиборига қуйидаги маълумотларни тақдим этади:

1. Очиқ хатда «Ўзбеккино» раҳбари Ф. Абдухаликов анимацион фильмлар яратиш бўйича давлат маблағлари ва буюртмаларни хусусий нодавлат студияларга сахийлик билан тарқатади...» шунингдек, «ўтган йилда давлат студиясида биронта ҳам анимацион фильм ишга туширилгани йўқ», деб таъкидланади.

Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки, жорий йилда «Ўзбеккино» МА томонидан  жами 5,2 млрд. сўмлик 11 та мультипликацион фильм ишга туширилган бўлса, шундан 3,4 млрд. сўмини «Мультипликацион фильмлар студияси»  давлат унитар корхонаси олган (2020 йил октябрь  ойидаги маълумотлар). Ўтган йили эса 4,6 млрд. сўм умумий суммадан, студия шунингдек, 3,4 млрд. сўм маблағ олган, хусусий студияларга эса 1,2 млрд. сўмлик анимацион маҳсулотларга маблағ ажратилган.

2. Очиқ хатда  таъкидланишича, «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУКнинг 30 нафар ходими - режиссёр, рассом ва аниматорлар тирикчиликдан маҳрум бўлиб, ишсиз қолган. Бу бир йилдан бери давом этиб келмоқда. Пандемия пайтида бу ҳақиқий фалокат, чунки уларнинг оилалари, ёш болалари, кекса ота-оналари бор ва уларни боқиш, парвариш қилиш керак...”. Бу маълумотлар ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Агентликка қўйилган айбловлар жиддийлигини ҳисобга олиб, «Ўзбеккино» очиқ хатга имзо чеккан шахслар томонидан ўтган саккиз ой мобайнида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун олинган гонорарлар миқдорини эълон қилишга мажбур:

– Ҳамидулла Маҳмудхўжаевга – 87 миллион сўм;

– Гаяна Матевосянга – 80 миллион сўм;

– Нилуфар Қудратуллаевага – 47 миллион сўм;

– Дмитрий Власовга – 46 миллион сўм;

– Фаина Митугулинага – 45 миллион сўм;

–Татьяна Коробовага – 30 миллион сўм;

– Нозим Тўлахўжаевга – 27 миллион сўм.

Гонорарлар анимация маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича амалдаги нархларга мувофиқ ҳисобланган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, жамоатчиликни чалғитмасликни ва оммавий ахборот воситаларида ёлғон маълумотларни эълон қилмасликни сўраймиз. Болаларни адолатли қилиб тарбиялаш ва ҳақиқатни гапиришга ўргатадиган мультфильмлар ишлаб чиқарадиган одамлар, албатта, ҳаётдаги хатти-ҳаракатлари билан ўзлари яратган ижобий образларга мос бўлишлари ҳам керак, деб ҳисоблаймиз.

3. Шу билан бирга, «Ўзбеккино» МА томонидан ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, бугунги кунда «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК томонидан яратилаётган, бунинг учун улкан давлат маблағлари сарфланаётган қисқа метражли анимацион фильмлар афсуски, Ўзбекистон ёш томошабинлари эътиборини жалб қила олмаяпти. Мурожаатни имзолаганларнинг аксарияти ўз ишларида анимацион контент яратишнинг эскирган тизими 2D форматидан фойдаланади. Шу сабабли «Ўзбеккино»   ажратилган давлат маблағларини болалар аудиториялари учун янги, замонавий ва талаб катта бўлган  контент яратиш учун йўналтиришни зарур деб ҳисоблайди.   

«Ўзбеккино»   чет эл тажрибаси ва хорижда ҳам, мамлакатимизда ҳам машҳур бўлган болалар мультипликацион сериалларини ўрганиб, билим олиш ва томоша қилишни уйғунлаштиришга йўналтирилган янги жанрни (edutainment: education + entertainment) амалга жорий этишга киришган. Агентлик томонидан барча қуйи студияларни, шу жумладан мультипликацион студияни ҳам техник қайта жиҳозлаш бўйича шартнома имзоланган. Ушбу лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири замонавий анимация бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашдир.

4. Мурожаатни имзолаган шахслар томонидан хусусий студиялар вакиллари – ҳамкасблари ҳақидаги фикрларини ва уларни лаёқатсизликда айблашни нотўғри ва профессионал этикага тўғри келмайди деб ҳисоблаймиз. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, хусусий студиялар томонидан 3D форматида яратилаётган фильмлар давлат мультипликацион фильмлар студияси томонидан яратилган маҳсулотларга нисбатан юқорироқ рейтингларга эга бўлмоқда, уларга интернетда ҳам, телевидениеда ҳам талаб катта. Шу сабабли «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК буюртмаларининг бир қисми, хусусан мультсериаллар, хусусий студиялар билан ҳамкорликда, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда яратилмоқда.

5. Ушбу мурожаатда шундай дейилади: «Ўзбеккино»  Бош директори давлат фильмларини молиялаштиришнинг янги қоидаларини ўрнатди: «Агар мен мультфильмингизни ишга туширсам, уни ишлаб чиқариш учун Молия вазирлиги режалаштирган пулнинг атиги 60 фоизини бераман, қолганини кўчада ўзингиз топасиз!».  Бу иқтибослар ва далилларни қасддан нотўғри талқин қилишдан бошқаси эмас.

Афсуски, мурожаат муаллифлари замонавий кино ишлаб чиқаришни бошқаришнинг асосий тушунчалари, хусусан co-production – яъни хусусий ва давлат секторларидан манфаатдор ташкилотларни шерик сифатида жалб қилган ҳолда ҳаммуаллифликда кино ишлаб чиқариш ҳақида тушунчаларга эга эмас. Бу амалиёт аллақачон «Ўзбеккино» да ҳужжатли ва бадиий филмлар ишлаб чиқаришда амалиётга жорий этила бошланган.

6.  Очиқ хатда «У (яъни Бош директор) «Футурист» хусусий корхонасининг эгаси Беҳзод Саломовни «Мультипликацион фильмлар студиясига» директор этиб тайинлади, бу  юридик жиҳатдан ноқонуний, чунки хусусий тадбиркор Давлат студиясига раҳбарлик қилиш ҳуқуқига эга эмас» дейилган.

Бу ҳам ҳақиқатга мос эмас. Давлат унитар корхонасининг амалдаги раҳбари Б. Саломовнинг ишбилармонлик фазилатларини ҳисобга олиб, уни студия ходимлари ва аниматорлар жамоасининг ўзи  директор лавозимига номзод сифатида таклиф этган. Унинг номзоди учун бир овоздан овоз берганлар орасида - бу очиқ хатга имзо чекканларнинг аксарияти бор. Натижада Б. Саломов давлат унитар корхонасини тўлиқ бошқариш учун «Футурист» студиясидан ишдан бўшади ва таъсисчилар таркибида унинг исм шарифи йўқ.

7. «Ўзбеккино» МА анимацион студияда мана неча йилки бирдамлик ва ҳамжиҳатлик йўқлиги, вақти-вақти билан жанжал ва хатбозлик авж олишидан афсусдамиз. Бироқ Ўзбекистондаги аниматорлар орасида ислоҳотларни қўллаб-қувватловчиларининг сони юқорида кўрсатилган мактубга имзо чекувчиларга қараганда бир неча марта кўплигидан хурсандмиз. Шу муносабат билан мазкур мурожаатни имзолаган гуруҳ жамоатчиликка ўзини «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК аниматорлари жамоаси» деб тақдим этиши тўғри эмас, деб ҳисоблаймиз.

8.  «Ўзбеккино» МА бир неча бор айрим шахслар кино соҳаси ходимларини жалб қилган ҳолда «Ўзбеккино» МА раҳбарияти томонидан киносаноатини ислоҳ қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини оммавий равишда обрўсизлантириш мақсадида иш олиб борилаётганини маълум қилган. Интернет тармоғида ва айрим йирик оммавий ахборот воситаларида «Ўзбеккино» МА нуқтаи назарини тақдим этмасдан, атайин киносаноат вакилларининг нохолис материаллари, мурожаатлари ва интервьюларини жойлаштириш ташкил этилмоқда. Шу муносабат билан, бундай материаллар учун платформа тақдим этадиган оммавий ахборот воситаларининг профессионаллиги ва холислигига шубҳа қилмаган ҳолда, ушбу турдаги материалларни нашр этишдан олдин маълумотларни қайта текшириб кўришларини ва улардаги фактларни тасдиқлаш учун Aгентликка мурожаат қилишларини сўраймиз.

«Ўзбеккино»  Миллий агентлиги миллий кино мақомини баъзи киноижодкорлар томонидан асоссиз айблов ва туҳматлардан ҳимоя қилиш мақсадида айрим турдаги ҳужжатларни чоп этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги мамлакат кино саноатини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг барча масалалари бўйича мулоқотга тайёрлигини яна бир бор маълум қилади.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги Ахборот хизмати
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1