АсосийJamiyat

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масжид очишга тўсиқ бор деяётганларга жавоб қайтарди

'Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масжид очишга тўсиқ бор деяётганларга жавоб қайтарди'ning rasmi

Баъзи сайтларда масжидлар сони камлиги, янги масжид очишга тўсиқлар борлиги ҳақида “Мамлакат намозхонлари учун масжидлар етарлими?” номли мақола эълон қилинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу мақоладаги фикрлар тўла асосга эга эмаслигини охирги йилларда ва хусусан жорий йилда мўмин-мусулмонларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда янги жомеларни очиш борасида қилинган ишларни мухтасар баён этди. 

Таъкидланишича, сўнгги йилларда 40 тага яқин жоме масжид очилган. Шу билан масжидлар сони 2077 тага етган. Жумладан, Тошкент шаҳрида “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Файзулла хўжа ўғли Мурод ҳожи”, “Абу Талҳа”, “Лаби заҳ”, Сурхондарё вилоятида “Имом Термизий”, “Ҳаким Термизий”, “Шайх Шамсиддин”, “Қадимий Дарбанд”, “Толли ота”, “Саййид Муҳиддинхон”, “Абдураҳмон ибн Авф”, “Мулла Абдукарим Охунд”, “Ислом ота”, “Хидиршо ота”, “Аҳатхон”, “Аҳмад Яссавий”, “Имом Низомиддин Сангардакий”, Наманган вилоятида “Муҳаммад ал-Амин”, Фарғона вилоятида “Чилигижийда”, Навоий вилоятида “Абу Бакр Сиддиқ”, “Томди”, “Хашман”, Тошкент вилоятида “Абу Ҳурайра”, “Фирдавс”, “Дўстлик”, Сирдарё вилоятида “Аҳмад ибн Малик” ва Бухоро вилоятида “Умар ибн Ҳаттоб” каби янги жоме масжидлар иш бошлаган.

Жорий йилнинг 10 ойида Бухоро вилоятида “Абдуллоҳ ибн Муборак”, Сурхондарё вилоятида “Дўстмуҳаммад бобо”, “Домла Шоҳқосим”, “Имом Раббоний”, “Варроқ Термизий”, Наманган вилоятида “Усмон Зуннурайн”, Бухоро вилоятида “Усмон ибн Аффон”, Тошкент вилоятида “Ҳилол”, “Муоз ибн Жабал” ва Самарқанд вилоятида “Янгиобод” каби 12 та жоме масжид очилган. 

Ўтган ҳафта жума куни – Cурхондарё вилоятининг олис Музработ туманида “Саййид Ҳабибуллохон” жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилган. 

" -- Баён этилганлардан тушуниш мумкинки, муаллиф ўз мақоласида 2018 йил 31 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 409-сон қарори ва 2018 йил 27 сентябрь куни Адлия вазирлигида 3071-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисида” Низом каби ҳужжатлар ишламаяпти, деган даъвони қилиши ҳам асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

Аслида масжидлар борасидаги яхши хабарлар бисёр, ўлкамизнинг қайси гўшасига ташриф буюрманг, жоме масжидларда ободонлаштириш ва  бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётганига гувоҳ бўласиз. Жумладан, охирги йилларда республикамиз бўйлаб 300 дан зиёд жоме масжид биноси бутунлай қайтадан бунёд этилиб, 300 та масжид капитал таъмирдан чиқарилди. Жорий йилда эса 281 та жоме масжид қайта қурилмоқда. Ўтган ҳафтада ҳам пойтахтдаги 4 та жоме масжид қайта қурилаётгани тўғрисида хабар эълон қилинди. Мамлакатимизда янги масжидлар очилиши, қайта бунёд этилиши ва таъмирланишига оид янгиликлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими томонидан Интернет сайтлари, “Фейсбук” саҳифалари ва “Телеграм” каналлари орқали узвий равишда эълон қилиб борилмоқда.

Ўз навбатида айтиш мумкинки, муаллиф ўз мақоласида айрим мамлакатларда масжидлар сони нисбатан кўп эканини изоҳлаган. Лекин, айрим давлатларда кўп қаватли уйнинг бир хонадони, катта иншоотнинг бир қисми ёки айрим фойдаланилмаётган иморатлардан ҳам вақтинча масжид сифатида фойдаланиш ҳолатлари кўп кузатилади. Бундай жойлар аввал бошқа мақсадда фойдаланилган бўлса, келгусида эса яна турли йўналишларда ишлатилиши мумкин. Ушбу ўлкаларда мана шундай жойлар ҳам масжидлар сонига киритилади. Бизда эса, диёримизда янги масжидлар очиш ва қуриш масаласида Ислом шариатида жоме масжидларга қўйилган талаблар, намозхонлар ҳузур-ҳаловат ила ибодат қилиши учун зарур бўлган шарт-шароитлар, мўмин-мусулмонлар хавфсизлиги ва икки масжид орасидаги масофа, хуллас жаҳон андозаси ва динимиздаги барча талаблар инобатга олинади. Ҳатто юртимиздаги масжидларда фуқароларга хизмат кўрсатиш хоналари, таҳоратхоналар, хавфсизлик ва санитар талабларга юксак дид билан эътибор қилинади.

Қайд этганимиздек, сўнгги йилларда 40 тага яқин жоме масжид айни фуқароларимиз талаб ва истаклари асосида очилди. Нафақат пойтахтимизда, балки олис Қорақалпоғистон Республикаси, узоқ Сурхондарё вилояти ёки Бухоро ва Навоий вилоятларининг чекка туманларида ё водий вилоятларининг чегара олди ҳудудларида ҳам янги жоме масжидлар очилмоқда.

Айни кунларда ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси саъй-ҳаракати билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида эҳтиёждан келиб чиқиб, янги жоме масжидларни давлат рўйхатидан ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда. Яқин кунларда ушбу жомелар очилишини ҳам матбуотда эълон қиламиз.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, маърифат ва руҳий тарбия маскани бўлмиш Аллоҳнинг уйларини обод этиш ва янгисини очиш каби хайрли ишлар юртимизда бардавом бўлмоқда ва бундай хушхабарлар ортиб бормоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин", дейилади муносабатда.

 

 

    Бошқа янгиликлар