Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент шаҳрида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларини, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.
Ушбу ташкил этилган “Ғалаба боғи”да Иккинчи жаҳон уруши жангларида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳарбий хизматчилари ва курсантлари ушбу “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига ташрифлари шулар жумласидандир.
Ташриф давомида Иккинчи жаҳон урушида аждодларимиз кўрсатган қаҳрамонликларни улуғлаш, ўтганларнинг номини абадийлаштириш учун Тошкент шаҳрида Ғалаба боғи ташкил қилинди. Боғда уруш давридаги манзара – блендажлар, пулемётлар, фашистларнинг танклари, мотоциклдаги ҳолатлари, уруш вайронгарчиликлари, халқимизнинг қаҳрамонлиги тўлиқ ифода этилганлигини кўриб яна бир бор ғурурландилар.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бизнинг мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Бу қонли урушда жами 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардона жанг қилгани, уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмагани, эл-юртимизнинг фронт ортида кўрсатган жасоратини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

Албатта, мана шундай ёдгорлик мажмуаларига ташрифлар ёшларни юксак маънавий-маърифий, гуманизм ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб хизмат қилади.
Фарҳоджон ХОЖАЕВ,
Академия ўқитувчиси, капитан.






