Айни пайтда Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессия ишида қатнашаётган мухбиримиз Шавкат Аминовнинг хабар қилишича, йиғилиш танқидий руҳда ўтмоқда.

Вилоят ҳокими озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ва етказиб берилишдаги муаммолар ҳақида сўз юритди.
- Яширмайман, айрим озиқ-овқат маҳсулотларида нарх-наво қимматлашиб кетмоқда, - дея, депутатларга юзланди вилоят раҳбари. - Озиқ-овқат заҳираси етарли, аммо, у бозорда эмас, "уддабурон" тадбиркорларни омборхоналарида. Aгар депутатларимиз ҳам бизга кўмаклашса, шундагина омборхоналар эшигини очамиз. Халқни вакили сифатида уларни манфаатлари учун озроқ ўзимизни қийнашимиз керак.
Шунингдек, бугуннинг энг муҳим ва қиммат озуқасига айланган гўшт маҳсулоти бўйича ўрганишлар ва чора-тадбирлар ҳақида гапирилди.
— Косон, Чироқчи ва Ғузор ҳокимликларига раҳмат. Қарши шаҳридаги бозорларга ярмарка нархида гўшт етказиб бермоқда. Шу тартиб ўйлаб чиқилмаганида, гўшт нархи 100 минг сўмга чиқиб кетар эди, -деди Зойир Мирзаев.

Сессия иши давом этмоқда. Муҳокамадаги масалалар юзасидан янгиликларни бериб борамиз.






