Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани ҳокимлигида туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирларига бағишланган сессия бўлиб ўтди. "Даракчи" мухбирининг хабарига кўра, туманда тез орада шакар ва пахта ёғи нархлари сезиларли даражада тушиши кутилмоқда.
"Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчимиз Украинада жойлашган шакар ишлаб чиқариш корхонаси билан алоқа боғлаб берди ва биз улар билан ҳамкорликни бошладик. Агар мамлакатимизга импорт қилишни тўғри йўлга қўйсак, ушбу импорт шакарнинг 1 кг.ини 4 000 сўмдан сотилишига эришишимиз мумкин ва бунга сўз берамиз", - дейди Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев.
Унинг таъкидлашича, Тошлоқ туманида пахта тўқимачилик кластери фаолият юритаётган бўлиб, у ерда ишлаб чиқарилган ёғ маҳсулотлари сотувга чиқиши билан пахта ёғининг нархи ҳам 9 000 сўмга тушиши кутилмоқда.
Бунга қачон ва қандай эришилади?
- Ҳозирда Украина шакар ишлаб чиқарувчи корхонаси билан икки тарафлама келишув ва шартномалар тузилган. Пул ҳам ўтказилмоқда. Маҳсулот тез орада юк машиналари орқали юртимизга етиб келади. Ёғ масаласида эса вилоят ҳокимига ўз таклифимни берганман. Агар таклифим вилоят ҳокими томонидан маъқулланадиган бўлса, туманимиз бозорларида пахта ёғи нархининг тушишини таъминлаган бўламиз. Яъни пахта тўқимачилик кластеримизда ишлаб чиқариладиган ёғ маҳсулотларини биржада сотадиган бўлсак, у кимошди савдосига айланиб кетади ва нархлар ёғларни улгуржи миқдорда ҳарид қилувчи тадбиркорлар томонидан ошиб кетишига сабаб бўлади. Агар биз кластерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни биржасиз, тўғридан-тўғри сотадиган бўлсак, Тошлоқ туманида пахта ёғи нархининг 9 000 сўмга тушишига эришишимиз мумкин. Шунинг учун бу таклифимиз ҳам маъқулланадиган бўлса, ишонч билан айтишим мумкинки, Тошлоқ туманида 10 кун ичида юқоридаги маҳсулотлар нархлари ваъда қилинган миқдорда белгиланиб, сотилишни бошлайди.
Ҳокимлик фаолиятига қадар тадбиркорлик билан шуғулланган Абдужаббор Жўрабоев гўшт нархининг барқарорлигини таъминлаш масаласида ҳам ўз таклифини бераркан, "ўртакашларсиз", чорва маҳсулотларини бозорга тўғридан-тўғри етказиб бериш орқали гўшт нархининг кескин ошиб кетишини жиловлаш мумкинлигига қатъий ишонч билдирди.
Сардорбек Раҳмонқулов
20.10.2020 11:31
Тадбиркорликдан чиққан ҳоким қачон шакар нархи 4 000 сўм, ёғ нархи 9 000 сўм бўлишини маълум қилди






