Қоғозда қисқарган ҳужжатлар, амалда 15-20 тани ташкил этмоқда, улар орасида “скорошиватель папка” ҳам бор...

Расмлардаги рўйхатни кўриб, на кулиш ва на куйишни билади киши. Таҳририятимизнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлимига 14 ёшгача болаларибўлган оилаларга ва бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақалар олишда маҳалла томонидан бўлаётган антиқа “талаблар” юзасидан қатор мурожаатлар келиб тушди. Саволларга мутахассислардан жавоб олдик...

"Маҳалла раисининг талаби қанчалик қонуний?"
— 14 ёшгача бўлган болалар пулини олиш учун мурожаат қилганим 15 та ҳужжат тақдим этишни сўрашди. Маҳалла раисининг бу талаблари қанчалик қонуний?
Умид Пардаев ва Шуҳрат Бўриев, Термиз шаҳар
Арофат СОЛИЕВА, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги етакчи мутахассиси:
— Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 44-сонли қарор асосида тасдиқланган Низом талабларига кўра, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг яшаш жойи, яъни доимий ёки асосан яшаб турган жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа эса – боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади.
Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун ариза оила ушбу нафақа ёки моддий ёрдамни олиш истаги бўлган ойдан олдинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай берилиши лозим.
Нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги аризаларни рўйхатдан ўтказиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан махсус рўйхатга олиш китобига қайд этиш орқали амалга оширилади. Ариза ҳамда оиланинг даромадлари миқдори ва таркибини тасдиқлайдиган зарур маълумотномалар берилган кун ариза рўйхатдан ўтказилган кун деб ҳисобланади.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, маҳалладан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа пулини олиш учун фуқародан 15 та ҳужжат сўралгани ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эмас. Фуқаролар йиғини томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, моддий ёрдам ҳамда бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича бериладиган нафақалар учун фуқаролардан қонун ҳужжатларида кўрсатиб ўтилган тегишли ҳужжатлардан ташқари қўшимча ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
"Ҳужжатлар қисқартилгани фақат оғизда, амалдагиси шу тартиб..."
— 2 ойлик чақалоғим бор, 2 ёшгача бола пули олиш учун паспорт, никоҳ гувоҳномаси, боламни туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси билан ариза илова қилиб, маҳаллага мурожаат қилгандим. Бироқ маҳалладан 20 та ҳужжат рўйхатини бериб, ҳужжатларни олиб келиш талаб қилинди. Маҳалладагилар “Ҳужжатлар қисқаргани фақат оғизда, амалдагиси шу тартиб”, дейишди.
О.У., Тошкент шаҳар Олмазор тумани
Фаррух СУЛАЙМОНОВ, Молия вазирлиги мутахассиси:
— Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
► оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
► болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун – болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари;
► асосан яшаб турган жойи бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун доимий яшаш (доимий прописка) жойи бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмаганлиги ва тўланмаганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома;
► агар болалар васийликка олинган бўлса – васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма.
Бундан ташқари, моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризага, ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.
Президентимизнинг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4797-сон Қарорига асосан, Республиканинг барча ҳудудларида ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш жараёнига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғининг номига ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилади ва юқорида санаб ўтилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги маълумот илова қилинади:
► тижорат банкларида ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги банк ҳисобварақларидаги қолдиқлар ва ариза берилган ойдан олдинги 6 ой мобайнида номига ўтказилган пул ўтказмалари ҳақидаги маълумотлар ариза тақдим этилган санада бирга яшовчи 18 ва ундан катта ёшдаги барча оила аъзоларининг имзолари билан тасдиқланган ариза.
"Машинаси борлиги сабабли нафақа берилмайди"
— 14 ёшгача бўлган болаларим учун нафақа пули сўраб маҳаллага мурожаат қилдим. Улар эр-хотин паспорти, ИНН, ИНПС, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, 3 нафар болаларимнинг туғилганлик гувоҳномаси нусхалари ва 3 ойлик иш ҳақим, файл папка олиб боришимни айтишди. Эрим ишламагани учун иш ҳақимни ҳисоблашда (1.400.000+1.200.000+821000) 3 ойга 1 794 000 сўмни қўшиб, бешга бўлди. Турмуш ўртоғимнинг номида 2014 йилда сотиб олинган машина бор. Сўнг “Машинаси борлиги сабабли нафақа берилмайди”, дейишди. Машинани сабаб қилиб кўрсатиш мумкинми?
Наргиза Раҳмонова, Бухоро шаҳри
— Оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги 3 ой учун ҳисоблаб чиқилган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромади суммасини оила таркибига киритиладиган оила аъзолари сонига бўлинган ҳолда аниқланади.
Сизнинг охирги 3 ойлик даромадингиз 3 421 (1 400 + 1 200 + 821) минг сўмни ташкил этганда ва турмуш ўртоғингиз учун норматив даромад миқдори 1 737 минг сўм (ҳар бир ой учун 579,1 минг сўмдан) қабул қилинганда ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори 1031,6 (5 158/5) минг сўмни ташкил этади. Бу ҳолатда ижтимоий нафақа тайинлаш рад этилади (оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад белгиланган мезон – 358 минг сўмдан юқори).
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлашни кўриб чиқишда ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида ишлаб чиқарилган муддати 10 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжудлиги ёки жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситалари мавжудлиги сабабли ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш автоматлаштирилган тарзда рад этилади.
МАВЗУГА ОИД...
"Учинчи фарзандим туғилса, 2 ёшгача нафақа пули ололаманми?"
— Боғчада ошпаз бўлиб ишлайман, 730 минг сўм маош оламан, “оклад”им 835 минг сўм. Эрим давлат ишида ишламайди. 2 нафар фарзандимиз бор, яқинда учинчи фарзандим туғилади. 2 ёшгача нафақа пули ололаманми?
Шаҳноза Хонбобоева, Ангрен шаҳри
— Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизи (358 минг сўм)дан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.
Оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги 3 ой учун ҳисоблаб чиқилган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромади суммасини оила таркибига киритиладиган оила аъзолари сонига бўлинган ҳолда аниқланади.
Ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига, оила аъзолари томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:
► меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;
► мулкий даромадлар;
► якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;
► чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;
► пенсиялар ва нафақалар;
► шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад (Оиланинг шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалиги юритишдан оладиган норматив даромади: ер участкасининг 1 сотихи учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,035 баравари қўлланилади. Яъни, 1 сотих ер учун 23,8 минг сўм);
► Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар.
Меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар ҳисобланган сумма бўйича ҳисобга олинади (солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташлангунга қадар).
Агар оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромадлари тўғрисида тақдим этилган маълумотларда даромад суммаси кўрсатилмаган бўлса ёки меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 87,9 фоизидан кам сумма кўрсатилган бўлса, у ҳолда оиланинг ўртача ойлик жами даромадини ҳисоблаш учун даромадни нормативдан паст кўрсатган ёки даромади мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган оила аъзоларининг ҳар бирига нафақа ёки моддий ёрдамга мурожаат қилинган ойда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 87,9 фоизига (597,1 минг сўм) тенг бўлган норматив даромад миқдори қабул қилинади.
Сизнинг ўртача даромадингиз 835 минг сўмни, турмуш ўртоғингиз учун 579,1 минг сўм (бошқа даромадлар бўлмаганда) бўлганда оиланинг ўртача даромади 346 минг сўмни ташкил этади. Махсус комиссия ариза берувчининг яшаш жойига чиққан ҳолда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиб чиқади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади
МАНБА: "ДАРАКЧИ" ГАЗЕТАСИ (№33 (1112) 17.09.2020)






